Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Дўстлик туманидаги таниқли ҳосилот-олим ҳақида

Дўстлик туманидаги таниқли ҳосилот-олим ҳақида

14 ноябрь 2018 йил
771
0

Бахтли оилалар ҳақида гап кетганда, кўпчилик Дўстлик туманидаги "Наврўз” шаҳарчаси фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи қишлоқ хўжалиги ходими, таниқли ҳосилот-олим Жозил Эргашев хонадонига ҳавас билан қарашади.

Одамларга меҳрли, ёрдамини аямайдиган бу деҳқон оиласи қишин-ёзин далада тер тўкади. Ғалвир сувдан кўтарилганда меҳнатларининг самарасини кўриб, ич-ичидан қувонади. Ҳикоямиз қаҳрамонлари ғайрат-шижоати ҳали ҳам ёшлардан қолишмайдиган, 50 йилдирки ер билан тиллашиб, катта-кичикка намуна бўлиб келаётган кекса пахтакор Жозил Эргашев ҳамда унинг бахтли оила-аъзолари. Жозил ака умрбўйи деҳқончилик қилиб, кам бўлмади. Ҳалол меҳнат орқасидан элда обрў-эътибор топди. Турли раҳбарлик лавозимларида ишлади. Фарзандларини ҳам шунга ўргатди. Бундан 15-20 йил илгари ташландиқ ерни ўзлаштираётган Жозил Эргашевга маҳалладошлари ҳам ҳайрон бўлишганди. Ахир, шу ерда боғ яратиб бўларканми?

У бу гапларга парво қилмади. Қийинчиликларга қарамай, ишни охирига етказди. Янги ерга 1000 тупдан зиёд турли хил мевали кўчатларни экди. 6 сотихли иссиқхона ташкил қилди. Бу ерга цитрус ўсимликлар — лимон, мандарин кўчатларининг қаламчаларидан экиб, уларни ўстиришни йўлга қўйди. Ўшанда кўпчилик Жозил аканинг хайрли ишларига тан берганди. Шу-шу таниқли боғбон етиштирган ноз-неъматлар халқимиз дастурхонини тўкин қилмоқда.

Инсон табиати шундай. Ерни эъзозлагани сари у билан бир оҳангда сўзлашишга, тилсимини очишга ҳаракат қилаверади. Орадан қанча йиллар ўтди. Жозил аканинг сочига оқ тушиб, нафақага чиқди. Эндиликда ишларини унинг қанотлари бўлган фарзандлари Сардорбек ваҲусанжонлар давом эттиришаяпти. Улар раҳматли боболари номига қўйилган "Исмоил ота”ҳамда "Шоҳруҳ Сиддиқ” фермер хўжаликларининг раислари. Ота ўгитлари остида хўжаликларни мустақил бошқариб келишмоқда.

Жозил ака тиниб-тинчимайди. Деҳқончиликнинг этагидан тутган ўғилларига дала ишларини оби-тобида бажариш, ердан юқори ҳосил олиш сирларини муттасил ўргатиб келади. Ахир, 100 гектар ерни эплашнинг ўзи бўлмайди-да! Ўғиллар ҳам ота касбини танлаб кам бўлишмаганидан хурсанд. Улар оталари каби ер билан тиллашиш учун аввало тажриба-ю, оила-аъзоларининг ҳамжиҳатлигига таянишади.

Агробанкдан Ҳасанжон билан Ҳусанжон 100 миллион сўм кредит олиб, асаларичиликни ривожлантиришга киришди. Ўтган йили кузда 100 қути асаларидан мўл асал йиғиб олинди.

Дала шийпони замонавий қурилган. Атрофи боғ-гулзор. Баҳорда ерга чигит экилганидан кеч кузга қадар бу ердан одам аримайди.

Эртанги кунга умид, ҳамжиҳатликда иш кўриш ютуқларнинг асосий омили бўлаяпти. Шу йилнинг 20 сентябрида 5 иш кунида ўғли Санжар Эргашев бошлиқ "Исмоил ота” фермер хўжалиги аъзолари эл хирмонига режадаги 60 тонна ўрнига 71 тонна пахта топшириб, давлат буюртмасини ошириб бажардилар.

Фарзандлар тонг саҳардан ота-оналари дуоларини олиб, ишга кетишни одат тусига киритишган. Турсуной янга учун бундан ортиқ бахт йўқ. Бир умр фарзандлари ғам-ташвишида тинич билмай, уларни ҳеч кимдан кам қилмай оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Эҳ-ҳе, неча-неча тонглар бедорликда отди. Ток ишкомлари соясида, анвойи гуллар барқ уриб яшнаб турган чаманзор атрофида гурунглашиб ўтирган бу отахон-у онахон доруломон кунларга шукроналик келтиришади.

—66 ёшни қоралаб қўйибмиз, —дейди Жозил ака. — Турмуш ўртоғим Турсуной билан оила дея аталмиш гулшанга қадам қўйганимизга 41 йил тўлибди. 4 ўғил, 2 қизни тарбиялаб вояга етказдик. Аҳил ва тотувликда ҳаёт кечирдик. У доимо мени ардоқлаб келган. Болаларга ишни тақсимлаб, рўзғорни бошқарган. Дала ишлари туфайли уйга ҳафталаб келолмаган пайтларимдаҳам кўнглим хотиржам бўлган. Шукрки, келинойингиз билан турмуш сўқмоқларидан ҳамқадаму, ҳамжиҳатликда ўтиб келаяпмиз.

—Мен ҳам гапирсам майлими? — майин ва ёқимли овозда суҳбатга қўшилди Турсуной янга, — боғдаги сархил гуллардан гулдаста ясаб тувакка солар экан. —Хўжалик марказидаги қишлоқврачлик амбулаториясида кўп йиллар бош ҳамшира бўлиб ишладим. Давлат ишига ҳам, рўзғорга ҳам улгурдим. Бир касбда 40 йил ишлаб нафақага чиқдим. Ҳаётий кузатишларимдан биламан-ки, кўпинча оилада келишмовчилик асосан етишмовчиликдан келиб чиқаркан. Бу кўпроқ рўзғорбошининг уддабуронлигига боғлиқ. Акангиз рўзғор бутлигига доимо эътибор беради. Шундан бўлса керак, оиламизда ортиқча гап-сўз бўлмаган.

Ҳа, оила ибрат мактаби саналади. Оилада ота-она фарзандларига меҳр-муҳаббат кўрсатиб яшаса, бу хонадонда доимо тинчлик-тотувлик, хотиржамлик ҳукм суради. Биз ҳикоя қилган файзли хонадон аъзоларининг бағри бутунликда, аҳил умргузаронлик қилаётганига барчанинг ҳаваси келади. Замон билан ҳамнафас яшаётган Жозил Эргашев оиласи нафақат деҳқончиликда, балки асаларичилик ва боғдорчиликда ҳам кўзланган натижага эришиш учун сидқидилдан меҳнат қилишаяпти.

Комила ФАРМОНОВА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар