Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » КЕЛАЖАК ПАРВОЗИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЕЛАЖАК ПАРВОЗИГА ТАЙЁРГАРЛИК

30 ноябрь 2018 йил
510
0

Ҳаво ҳужумидан Мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий Ҳаво Кучларига қарашли ҳарбий қисмда “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” доирасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда “Мустақил юртим тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қиламан!” шиори остида вилоятимиздаги бир неча умумтаълим мактаблари ҳамда “Умид” лицейи ўқувчилари иштирок этишди.

Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг нуфузини янада ошириш мақсадида ташкил этилган учрашувни ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Темур Убайдуллаев очиб берди. У ёшларга Ватан мудофааси нақадар шарафли экани, ҳарбийлик касбининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида тушунча берди. Шундан сўнг мудофаа қўшинлари таркибидаги ҳарбий техникалар ва учув жиҳозлари кўргазмаси намойиш этилди.

— Қўшинларимизга ёш учувчилар таркибини тайёрлаш асосий вазифамиз, — дейди учувчи, катта лейтенант Рустам Зияев. — Ҳар жума кунлари ўқувчиларни иш фаолиятимиз билан таништиришни мақсад қилганмиз. Бугун  ҳам турли модификациядаги авиация техникалари кўргазмага қўйилди. Ёшларнинг катта қизиқиш билан саволлар орқали мурожаат қилишлари, албатта, биз учун ҳам ёқимли.

— Марказий Осиёда ягона бўлган ҳарбий авиация билим юртининг асосий вазифаси курсантлар тайёрлаш, ёш учувчиларни ҳарбий қисмларга тайёрлаб беришдан иборат, — дейди учувчи, катта лейтенант Анвар Юнусалиев. — Малакали офицерлар ёш учувчиларга қўлдан келганча ёрдам беради. Ҳарбий қисмимиз замонавий ҳарбий техникалар билан жиҳозланган. Ватанимиз Ҳарбий Ҳаво кучларига кадрлар етказиб бериш учун ҳамма имкониятлар етарли. Бугунги очиқ эшиклар кунида ёшларга керакли ҳамма маълумотларни етказиб бераяпмиз.

— Бизни парашютдан сакраш, вертолёт ва самолётларда парвоз қоидалари билан таништиришди,  — дейди  11- синф ўқувчиси Сардор Бобоназаров. — Бу соҳада  ҳали биз билмаган, кўрмаган сир-синоатлар кўп эканини, одам қўли билан яратилган бу техникаларнинг ҳайбатини ҳис этдик. Келажакда ҳарбий академияга ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш нияти туғилди.  

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар