Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда “Чингиз Айтматов кунлари” ўтказилди

Жиззахда “Чингиз Айтматов кунлари” ўтказилди

14 декабрь 2018 йил
1 195
0
Жиззах вилоятида буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Чингиз Айтматов кунлари” ўтказилди.

Шу муносабат билан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, қирғиз миллий маданий маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида турли адабий-бадиий, маданий тадбирлар бўлиб ўтди.
Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган адабий-бадиий тадбирда адиб ижодининг мухлислари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.
ХХ асрнинг улуғ ёзувчиси Чингиз Айтматов бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли экани таъкидланди. Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг халқимиз шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини юртдошларимиз унутмайди.
Тадбирда театр ижодий жамоаси томонидан “Чингизхоннинг оқ булути” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди.
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказилган тадбирда эса адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар ўқувчиларга адиб ижодининг ўзи хос қирралари ҳақида сўзлаб берди.
12.JPG
– Чингиз Айтматов замонавий дунёнинг буюк шахси, ўз сўзига эга қадри баланд ёзувчиси эди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. – Унинг кўплаб асарлари бутун дунёда китобхонлар эътирофига сазовор бўлган. Адибнинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, Гулсари”, "Қиёмат", "Асрга татигулик кун" сингари асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Уларнинг кўпини Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Асил Рашидов она тилимизга маҳорат билан таржима қилган. 
Тадбирда ўқувчилар ўртасида “Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижоди” мавзусида ёзилган иншолар танлови ғолиблари фахрий ёрлиқ ва адиб асарлари билан тақдирланди.
Шундай тадбир Зарбдор туманидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 5-умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. Унда Зомин, Дўстлик ва Бахмал туманларидан ҳам вакиллар иштирок этди.
Тадбирларда “Икки элнинг суюкли фарзанди” номли ҳужжатли фильм ва адиб асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тинчлик, дўстлик ва тотувликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат)
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар