Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Фориш туманидаги Халқ қабулхонаси жорий йилда 1049 та мурожаатни ҳал қилди

Фориш туманидаги Халқ қабулхонаси жорий йилда 1049 та мурожаатни ҳал қилди

20 декабрь 2018 йил
439
0

Халқ қабулхоналари юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида ўрин тутади.

Шу боис ҳам халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг эътиборидан мамнун.

– 2018 йилнинг ўтган ойлари давомида халқ қабулхонага жисмоний ва юридик шахслардан 1484 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги қабулхонаси мудири Ўткир Маҳамматов. – Рўйхатга олинган мурожаатларнинг 1049 таси қаноатлантирилди. 597 нафар фуқарога муаммоларни ҳал этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Муҳтарам Президентимиз бу муассасани халқ манфаатини кўзлаб ташкил этгани айни ҳақиқат. Негаки, халқ қабулхонамиз туманимиз марказида, барча транспортлар қатнайдиган кўча бўйича, мурожаат қилувчилар топиши ҳам, келиши ҳам қулай жойда жойлашган.  Шу йилдан бошлаб янги бинога кўчиб ўтдик. Кутиш зали, она ва бола, тиббиёт хоналари, соҳалар бўйича қабул бўлимлари замонавий мебел ва ахборот технологиялари билан жиҳозланган.

Халқ қабулхонасига мурожаат қилаётганларнинг аксарият муаммоси тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилмаган масалаларга доир. Ойлаб, йиллаб ҳал этилмаган муаммолар шу ерда ечим топишига, мамлакатимизда амалга оширлаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Туманда аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш борасида оворагарчиликлар бўлаётгани, аукцион савдосида қатнашиш учун фуқаролар Жиззах шаҳрига харажат тортиб бориб келаётгани, айрим пули бор одамлар ерни аукционда олиб қиммат нархларда сотаётгани ва бу борада олиб сотарлик авж олгани юзасидан кўплаб фуқролардан мурожаатлар келиб тушганди. Туман ҳокимлиги ва халқ қабулхонаси масалани қатъий назоратга олиб, аукцион савдоларини айнан туманда ўтказишга эришди. Якка тартибда уй-жой қуриш учун барча маҳаллалар кесимида ер ажратиш кўпайтирилди ҳамда бу борадаги камчиликларга тўлиқ барҳам берилди.

– Якка тартибда уй-жой қуриш учун йиллар давомида ер ололмай келаётгандим, – дейди «Қўлба» маҳалласида яшовчи Ситора Мажидова. – Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим. Қисқа муддатда ер олиш юзасидан аукционда қатнашдим, уй-жой қуриш учун ер олишга муваффақ бўлдим. Адолатли тизимни йўлга қўйган Президентимиздан беҳад миннатдорман. Э.Камолов номли маҳаллада яшовчи Гулжаҳон Норматова, туман «Сувоқова» корхонаси ишчиси Уммат Эргашевлар ҳам мурожаатлари қонуний ҳал этилганидан миннатдор эканликларини изҳор этишди.

Халқ қабулхонасининг ташкил этилиши «Инсон манфаатлари – ҳар нарсадан устун» деган эзгу ғоянинг қарор топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамиятда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, Президентимиз томонидан қўйилаётган талаблар халқ қабулхонаси ходимлари олдига турли вазифага янгича ёндашувни, ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмасликни талаб этмоқда.

Кундалик турмушда учрайдиган барча муаммоларни қабулхонага қилинган мурожаатлар рўйхатида учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги жойларда давлат бошқаруви органлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар иш фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳақида.

Қабулхона фаолият бошлаганидан буён фуқаролардан ишга жойлашишда ёрдам сўраб, табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти масаласида, алимент ундириш бўйича, суд қарорлари ижроси масаласида, уй-жой, ер участкалари ажратишга оид, соғлиқни сақлашга доир, пенсия ва нафақа масаласида, банклардан кредит ажратиш юзасидан мурожаатлар бўлди. Бу мурожаатларнинг аксарияти қисқа муддатда ҳал этилди. Вақт талаб этадиганлари эса тегишли ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Кўпчилик мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотларнинг ўзида ҳал этса бўладиган ишлардир. Ариза ва шикоятларни ўрганиш жойларда бошқарув ва хизмат кўрсатиш органлари, фуқаролар йиғинлари ўз вазифасини тўлиқ бажармаслиги ёки мурожаатларга эътиборсизлигини кўрсатмоқда. Халқ қабулхонасига тушаётган ариза ва шикоятлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда кўрилмоқда.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича яратилган янги тизим юртдошларимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик, эртанги кунга, адолатнинг қарор топишига бўлган ишончни янада оширмоқда.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар