Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Орзунинг ойдин йўлидан

Орзунинг ойдин йўлидан

24 декабрь 2018 йил
439
0
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан етук, интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасини ёшларимизнинг айниқса спорт соҳасида эришаётган ютуқларида яққол кўриш мумкин.
4.JPG
Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи учинчи босқич ўқувчиси Висола Абдуллаева ана шу имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшлардан. У аълочи ўқувчи, иқтидорли спортчи, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионатлари совриндори бўлиш билан бирга, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.
Уни оила аъзолари, яқинлари, синфдошлари, дугоналари жуда самимий, камтар, бошқаларга ёрдам беришга тайёр, яна яхши пазанда сифатида билишади. Унинг бундай камолга етишида оиладаги муҳитнинг таъсири катта албатта. Висоланинг отаси Убайдулла ака қурувчи уста. Ўз ҳунари билан одамлар оғирини енгил қилиб, фарзандларини ҳалол меҳнат ортидан боқаётган оддий инсон. Онаси Назокат опани маҳалладагилар саранжом-сариштали, пазанда, хушмуомала уй бекаси сифатида танийди.
– Қизим ҳақиқатан ҳам бахтли даврнинг бахтиёр фарзанди, – дейди Назокат опа. – У орзусига эришиш учун астойдил интилади. Давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. У қизим бўлгани учун мақтамаяпман, шунчаки борини айтаяпман. Фарзандим билан ғурурланаман. Висола фақат спортда эмас, ҳаётда ҳам ҳаракатчанлиги туфайли муваффақият қозонади. Бошқаларга кўмаклашишни яхши кўради, синглиси ва укасига дарсини ўзлаштиришда ёрдам беради. Менинг эса биринчи ёрдамчим.
Спорт соҳасида юқори натижага эришганлар аксарият ҳолларда махсус мактабларда таълим олган бўлишади. Бироқ, Висола ўзи яшаётган Жиззах шаҳри Тошлоқ маҳалласидаги 6-умумтаълим мактабини битирган. Спортдаги илк ютуғини ҳам мактабда ўқиб юрган кезлари – 2011 йилда қўлга киритган. Ўшанда 11 ёшли қизалоқ Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 1 километр масофага югуриш бўйича мусобақада ғолибликни қўлга киритган эди.
1.JPG
Мусобақанинг шу тури бўйича 2012, 2013 йилларда ҳам биринчи ўринларни олиши, ёш қизнинг келажагига мактаб ўқитувчиларининг ҳам, ота-онасининг ҳам ишончини мустаҳкамлади. Маҳоратини ошириб бориши учун профессионал мураббийлардан сабоқ олиши керак эди. Ота-онаси мактабдаги устозлари билан маслаҳатлашиб, Висолани Жиззах олимпия захиралари коллежи қошидаги енгил атлетика тўгарагида шуғулланиши учун имконият яратиб берди.
Ҳаракатчан, тенгдошларига қараганда чаққон, қобилиятли қизнинг ютуқлари мустаҳкамланиб борди. 2014 йилда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган 1,5 километрга югуриш мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. 2015 йилда мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари” мусобақасида ғолиб бўлди. Шу йили енгил атлетика бўйича мамлакат терма жамоасига қабул қилинди.
2016 йилда мактабнинг 8-синфини битирган Висола Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежининг ахборот технологиялари дастурлаш йўналиши бўйича ўқишга кирди. Аммо спорт билан шуғулланишни канда қилмади. Терма жамоа таркибида турли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Албатта, ҳаётда ҳеч бир нарсага осонгина эришиб бўлмайди. Висола ҳам ютуқларга осон эришаётгани йўқ. Муваффақиятлари ортида унинг интилишларидан ташқари устозларининг ҳам машаққатли меҳнати турибди.
– Висола яхши ўқиш билан бирга, жамоат ишларида, айниқса, ёшлар ташкилоти фаолиятида фаол иштирок этиши билан коллеж жамоасининг эътиборини қозонган, – дейди Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Дилшод Ҳусанов. – Ундаги ташаббускорлик, интилувчанлик, масъулият тенгдошларига ибрат бўлади. Шунинг учун Висоладан устозлари ҳам, жамоатчилик фаоллари ҳам хурсанд.
Жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишида ҳам унинг ана шу ютуқлари, фазилатлари ҳисобга олинган, албатта.
– Ютуқларим асоси мамлакатимизда биз, ёшларга истеъдод ва салоҳиятимизни намойиш этиш учун барча имкониятлар яратиб қўйилганида, деб биламан, – дейди Висола Абдуллаева. – Мен коллежни битириб, Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга киришга тайёргарлик кўраяпман. Ушбу орзуимга эришсам, халқимизга кўпроқ наф келтиришимга ишонаман.
Орзуларнинг ойдин йўлидан бораётган қизнинг кўзлаган мақсадига албатта етишига биз ҳам ишонамиз.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат)
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар