Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззах вилоятнинг тўртта туманида “Ёшлар меҳнат гузари” иш бошлади

Жиззах вилоятнинг тўртта туманида “Ёшлар меҳнат гузари” иш бошлади

27 декабрь 2018 йил
738
0

Якунланиб бораётган 2018 йил мамлакатимиз ҳаётида сермаҳсул йил бўлди. Айниқса, жорий йил ёшлар ҳаётида унитилмас воқеаларга бой бўлди.

“Ёшлар —келажагимиз” дастури асосида ёшларга ажратилган имтиёзли кредитлар, “Ёшлар-меҳнат гузарлари” ҳамда “Коворкинг” марказларининг фойдаланишга топширилгани навқирон авлод ҳаётида алоҳида аҳамият касб этди.

Жиззах вилоятида ҳам ушбу дастур асосида муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Йил якунида вилоятда 4 та “Ёшлар меҳнат гузари”нинг ёшлар ихтиёрига топширилиши Янги йилга унутилмас совға бўлди. Хусусан, вилоятнинг Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор, Ғаллаорол туманларида очилган “Ёшлар меҳнат гузарлари” илк бор тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва ўз фаолиятини ривожлантираётган ва ишсиз ёшларни ўзида бирлаштирди.

Зарбдор туманидаги “Ёшлар меҳнат гузари”да гўзаллик салони, китоб дўкони, тикувчилик цехи, инглиз тили тўгараги фаолияти йўлга қўйилиб, жами 10 нафар ёш иш билан таъминланди.

Зафаробод тумани “Лолазор” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Ёшлар меҳнат гузари” 20 нафардан ортиқ ёшларни ишсизлик муоммосидан озод қилди. Тикувчилик цехи, эркаклар сартарошхонаси, аёллар гўзаллик салони, китоб дўкони ҳудуд аҳолиси учун хизмат қилиб келмоқда.

Пахтакор туманида жойлашган икки қаватли “Ёшлар меҳнат гузари”да тикувчилик цехи, китоб дўкони, аёллар гўзаллик салони, “Тараққиёт” (абитурентлар тайёрлаш учун) ўқув маркази, “Элегант” ўқув маркази, Аёллар саломатлик-соғломлаштириш маркази жойлашган. Унда жами 40 нафар ёш бандлиги таъминланди.

Мазкур меҳнат гузарини вилоят ҳокими ўринбосари Б.Тўхтамишев ҳамда Пахтакор тумани ҳокими Ш.Бабабевлар очиб беришди.

Ғаллароллик ёшлар учун ажратилган “Ёшлар муҳнат гузари” биноси “Умарбек Давлатбек Сервис” хусусий корхонаси томонидан замонавий қиёфага келтирилиб, ёш тадбиркорларни ўз атрофида бирлаштирди. Меҳнат гузарида нон ишлаб чиқариш цехи, савдо маркази, алюминий профилдан эшик ва ромлар ишлаб чиқариш, темир буюмлардан панжара ва дарвозалар ясаш устахонаси ҳамда тикувчилик цехи ўз фаолиятини бошлади. Меҳнат гузарида 37 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди.

— Ёшлар меҳнат гузари туманимиз кўркига кўрк қўшиш билан бирга тумандаги банд бўлмаган ёшлар учун айни муддао бўлди. Айниқса, ёш тадбиркорлар учун янги имконият берди. Айниқса, бугун “Тараққиёт” (абитурентлар тайёрлаш учун) ўқув маркази олий ўқув юртига кириш истагида бўлган ёшларга тўлган. Пахтакорлик ёшлар яратилган имконият ва шароитлардан миннатдор, — дейди Пахтакор туманидаги “Ёшлар меҳнат гузари” раҳбари Жамшиддин Самаров.

Мухтасар айтганда, бугун вилоятда иш бошлаган “Ёшлар меҳнат гузари” ёшларни эзгу мақсад атрофида бирлаштириб, улар бандлигини таъминламоқда. Ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиб, оғирини енгил қилишга кўмак бермоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

учун Элдор Наврўзов тайёрлади

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар