Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Зафаробод туманида 10 миллиард сўмга шаҳарча обод бўлмоқда

Зафаробод туманида 10 миллиард сўмга шаҳарча обод бўлмоқда

17 январь 2019 йил
1 043
0

Зафаробод тумани Ёрқин шаҳарчасида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида янги иш жойлари барпо этиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда шаҳарчада дастурни амалга ошириш бошлангандан сўнг дастлабки битказилган иншоотларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шаҳарча аҳолиси иштирокида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳолисини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилишга қаратилаётган эътибор уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида янги тикувчилик цехининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Тадбиркор Саодат Ҳалимова тижорат банкининг 150 миллион сўм кредити билан қишлоқ хўжалик коллежининг фойдаланилмай турган ошхонаси биносини таъмирлаб, замонавий тикув машиналари ўрнатди. Айни пайтда цехда 64 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланиб, буюртма асосида кўрпа ва ёстиқ жилдлари, кийим-кечаклар тикилмоқда.

– Ҳозир цехимизни тўлиқ қувват билан ишлатиш учун тикувчилар малакасини оширяпмиз, – дейди С.Ҳалимова. – Тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, иш ўринларини яна кўпайтирамиз. Маҳсулотимизга талаб бор. Шунинг учун иш ўринларини яна 30-40 тага оширишни мўлжаллаяпмиз. 
Тадбирда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган оилалардан уч нафарига янги уйлар калити топширилди. Уларга ҳудудда эгалари томонидан сотувга қўйилган хонадонлар бюджет маблағи ҳисобидан сотиб олиб берилди.

Шу йўл билан сотиб олинган уйлардан бирига беш нафар фарзандли Боймирзаевлар оиласи кўчиб кирди. Янги уйнинг калитини олар экан, оила бекаси Фотима Боймирзаева севинч ёшларини яшира олмади: 
– Ўн тўққиз йилдан буён ижарада яшаб келаётган эдик, – дейди Ф.Боймирзаева. – Президентимиз эътибори туфайли уйли бўлдик. Давлатимиз томонидан оиламизга кўрсатилган бундай катта ёрдамдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу яхшиликка жавобан фарзандларимизни Ватанимизга содиқ, халқимизга ҳалол хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялаймиз
Тадбир давомида туман сектор раҳбарлари шаҳарчада истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган Мусо Ражабов ва Анора Ортиқбоевалар хонадонига бориб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари ҳадя қилинди. 
Дастур доирасида қишлоқ аҳолисига 884 та турар жойнинг кадастр ҳужжати расмийлаштирилди. Ноқонуний, режасиз қурилган иншоотлар бузиб ташланиб, 300 та якка тартибдаги, 17 та кўп қаватли уй таъмирланди. 3 километр пиёдалар йўлаги, уйларнинг кириш ва фасад қисмлари тартибга келтирилди. Кўчаларга 76 та тежамкор чироқ ўрнатилди.

Кўп қаватли турар жойлар эшик ва ромлари, том шиферлари алмаштирилди. Уйлар ҳовлисида 7 та тандирхона қурилди. Ҳудудда 4 та болалар майдончаси, 5 та иссиқхона ташкил этилди. 140 квадрат метр майдонга мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. 
Ичимлик суви тармоғи тортилиб, 3 та сув насоси ишга туширилди. 2 та трансформатор пункти, 3 километр электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирдан чиқарилди. Дастур доирасида ҳудуддаги 4-мактабгача таълим муассасаси ҳам қайта таъмирланди. Ҳудуддаги иккита умумтаълим мактабида таъмирлаш ишлари олиб борилаётир. 
“Обод қишлоқ” дастури доирасида шаҳарчада амалга оширилган ишларга ҳозиргача 10 миллиард 564 миллион сўм маблағ сарфланди. Жами 222 киши иш билан таъминланди. Шаҳарчада ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат),

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар