Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича сессия ўтказилди

Жиззахда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича сессия ўтказилди

26 январь 2019 йил
553
0

Жиззах вилоят ҳокимлигида Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессияси ўтказилди. Сессияни вилоят ҳокими, сенатор Эргаш Салиев очиб берди.

Сессия ишида вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, кун тартибига киритилган масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Сессия кун тартибидан вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи тўғрисидаги масала ўрин олди.

Жорий йилнинг 24-26 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги шаҳар ва туманларда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.

Бугунги сессия ишида мазкур ўрганиш якунлари ҳам муҳокама этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Исмоилов Нурдинжон, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Фарход Норқўзиев, вилоят давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош врачи Махмарасул Умаров, Бахмал тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Хушназар Бердиев, Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Озода Махмудова, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Холматов ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Гулбахор Абдулхакимова сўзга чиқишди.

Шунингдек, сессияда шаҳар ва туман ҳокимларнинг мазкур йўналишдаги қилинган ишлари бўйича ҳисоботлари ҳам эшитилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар