Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » IV-сектор: Ш.Рашидов тумани солиқ секторида аҳоли томорқадан фойдаланиш даражаси қандай?

IV-сектор: Ш.Рашидов тумани солиқ секторида аҳоли томорқадан фойдаланиш даражаси қандай?

28 февраль 2019 йил
388
0

Юртимизнинг барча ҳудудларида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Айни вақтда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари 445 минг гектардан зиёд экин майдонида меҳнат қилмоқда. Айни пайтда Ш.Рашидов тумани давлат солиқ инспекциясига қарашли 4-секторда томорқа ер эгалари ўз ҳовлиси, томорқаларини тартибга келтириш, ерга уруғ қадаш. Кўчат экишга тайёргарлик кўриш ишлари бошлаб юборилди.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайида бўламиз. Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди.

Айни пайтда ҳовли, томорқалардаги экин экиладиган майдонларнинг ариқлари хас-ҳашаклардан тозаланиб, мевали дарахтларнинг таглари юмшатилмоқда. Ҳар бир томорқа эгаси кузда шудгорланмай қолган ерларни ағдариб, текислаб, маҳаллий ўғитга бойитиб, эртанги сабзавот экинлари, картошка, полиз экинлари уруғини қадашга тайёрламоқда.

Айни пайтда ҳонадонма-хонадон юриб, маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам бериш йўлга қўйилди. Туман 4-сектор раҳбарияти томонидан кам таъминланган хонадонларнинг томорқаларини ҳайдов техникалари ёрдамида экин экишга тайёрлаб берилмоқда.

 - Тумандаги "Учтепа” ҚФЙ, Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қиламан, - дейди Робия Абдуллаева. – Айни пайтда турмуш ўртоғим мавсумий ишлар билан шуғулланади. Фарзандларим эса ёш. Шу сабабли томорқамизни экин экишга тайёрлаш оғирлик қилаётган эди. Бугун маҳалла фуқаролар йиғинлари ва солиқ инспекцияси раҳбариятининг кўмагида еримизни ҳайдаб беришди. Бундан миннатдорман. Энди томорқага эртаги экинлар ва мевали дарахтлар экишни бошлаймиз.  

Айни пайтда Ш.Рашидов тумани томорқа хизмати сервис корхонаси томонидан хонадонларнинг эгаларининг томорқасига экиладиган дарахт кўчатлари ва уруғларга бўлган талаб ўрганиб чиқилиб, тумандаги "Қўрғонтепа” маҳалласида аҳоли хонадонларига ҳудудга мос бўлган сердаромад ва ҳосилдор навлар етказиб берилди. 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад — иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Шу сабабли, 25 февралдан мамлакатимизда деҳқончилик бўйича долзарб ойлик, деб эълон қилинди.

Айни пайтда якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилиши юзасидан солиқ органлари томонидан расмий огоҳлантириш хатлари берилмоқда. Шунингдек, деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаганларнинг унга бўлган эгалик ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши эслатиб ўтилмоқда. Экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасини пасайтирувчи солиқ имтиёзлари қўлланилиши тушунтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз,  фуқаролар ўз томорқасида бандлиги – келажакда пенсия таъминоти бўйича иш стажи бўлиб ҳисобланиши учун ҳам ажойиб имкониятдир. Бунинг учун деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 тадан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўлаган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.

Шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун "Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар берилади.

Шундай экан, барчамиз томорқаларимизда сабзовот ва полиз маҳсулотлари, сархил мевалар етиштириб, халқимиз дастурхонининг тўкин, ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш йўлидаги имкониятларимиздан самарали фойдаланайлик!

Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар