Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Шеърият бўстонининг бекаси  

Шеърият бўстонининг бекаси  

28 февраль 2019 йил
367
0

Шеърият. Унинг хушбўй гулу райҳонларга тўла чаманзоридан кимлар дасталар тизмаган.

Кимлар гоҳ ғамзали, гоҳ шодон қўшиқлар битмаган. Улар жуда кўпчилик. Лекин севимли ва ардоқли шоира Зулфияхоним ўз ижодида ўз салафларидан жуда ўзиб кетди. Жўшқин лирикаси, ҳаётбахш қўйма сатрлари билан шеъриятимиз маликасига айланди. Ўзбек поэзиясининг довруғини олам бўйлаб таратди. Дунёнинг энг олий минбарларида халқларни дўстликка, тинчликка, бирдамликка ундовчи сўзлари билан чиқиш қилиб,ўзбек миллатининг шону шуҳратини оширди. Инсоний садоқат, меҳр-муҳаббат ғояларини энг юқори пардаларда улуғлади.

...Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд оиласида таваллуд топди. Отаси қўл кучига таянган заҳматкаш темирчи эди. Онаси Хадича ая эса ширинзабон аёл бўлиб, адабиётга меҳри баланд эди. У жуда кўп қўшиқ, эртак, маталларни билар, уларни болаларига айтиб берарди. Бўлажак шоира уларни завқ билан тинглар, ёд олиб дугоналарига сўзлаб берарди.

Навниҳол қизалоқ 1928 йилда бошланғич мактабни тугаллаб, Тошкент хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради. Ана шу йиллардан бошлаб ёш ижодкор дастлабки шеърларини ёзабошлайди. Алишер Навоий, Александр Пушкин, Абдулла Қодирий,Ҳамид Олимжон каби устозларнинг асарларини қунт билан ўқиб,уларни кузатади. Уларга ижодий тарзда эргашади. Бирин-кетин унинг шеърлари “Ишчи”, “Туркистон” газеталари, “Болалар”, “Янги йўл” журналларида чоп этила бошланади. 1932 йилда эса эндигина ўн саккиз баҳорни қаршилаётган шоиранинг илк шеърий тўплами “Ҳаёт варақлари” босмадан чиқди. Бу унга янги илҳом, ижодий жасорат бағишлайди. Янги-янги шеърлар битади.

Зулфия 1933 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги университет)да таҳсил олади. 1935-1938 йилларда республика бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир бўлиб ишлайди. Шоира сифатида шеърдан шеърга, китобдан китобга маҳорати юксалиб, камол топиб борди. Ёзган асарлари сайқалланиб, адабиёт аҳли ва кенг доирадаги ўқувчилар томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинди.

Шоиранинг атоқли сўз санъаткори Ҳамид Олимжон билан ҳаёт риштасини боғлаганлиги унинг ҳаёти ва ижодида муҳим бурилиш ясади. Таниқли оташин шоир билан узвий мулоқотлар, адабиёт ҳақидаги фикр алмашувлар юксак самарасини берабошлади. “Ҳамид Олимжон мен учун улуғ устоз, севимли ёр, дилкаш суҳбатдош эди” — деб айтган эди Зулфия адабий суҳбатлардан бирида.Дарҳақиқат икки забардаст шоирнинг муштарак мақсад йўлида аҳил-иноқ, ўзгалар ҳавас қилгудек бахтиёр турмуш кечирганлари бадиий ижодда ҳам уларга муваффақият келтирди.

Шу йилларда шоиранинг “Ҳулкар”, “Мен тонгни қутлайман”, “Дугоналар билан суҳбат” тўпламлари чоп этилди. Давримизнинг атоқли шоирларидан бири сифатида танилди. Шеъриятимизнинг моҳир устозига айланди. Ҳаёт шиддати билан басма-бас юксак савияли асарлар ёзиб, нафақат диёримизда, балки бутун Шарқ олами энг машҳур шоирларининг шоҳсупасидан муносиб ўрин олди. У “Сени куйлайман, ҳаёт” шеърида ёзади:

Куйлайман, куйламоқ  кун сари мушкул,

Мен сенман, сен менинг борлиғим буткул,

Елкамга юк ортиб қўлимдан тутгил,

Бу бахтни назмга тўкмоқ азмида,

Сени куйлайман, ҳаёт!

Мамлакатимиз Истиқлолга эришгач, Зулфияхоним янада завқ-шавқ билан ижод қилди. Халқимизга, миллатимизга мангу мерос бўлгулик энг сара, дурдона асарларини яратди. У халқаро майдонда ҳам жуда катта обрў-эътибор топган эди. Ўзбекистон халқ шоираси халқаро Жавоҳарлал Неру мукофоти (1968), “Нилуфар” (1971), “Кирилл ва Мефодий” мукофотлари билан тақдирланди.

Машҳур ижодкор моҳир таржимон ҳам эди. У А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А.Некрасов, Л.Украинка, С.Капутикян, М.Карим, А.Притам асарларини ўзбек тилига ўгирди. Таржима соҳасидаги самарали хизматлари билан халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга, адабий алоқаларни кучайтиришга муносиб ҳисса қўшди. Ҳукуматимиз севимли шоира, халқимизнинг ардоқли фарзандининг адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига қўшган улкан хизматларини муносиб тақдирлаб, Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этган. Фан, маданият, адабиёт, санъат, спорт соҳасидаги энг иқтидорли ёшларга мукофот ҳар йили бериб борилмоқда.

Атоқли шоира ижоди бугунги кунда ҳам мамлакатимизда кенг тарғиб қилиниб, ўқиб, ўрганилмоқда. Вилоятимиз маркази Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги адабиёт йўналишидаги иқтидорли ёшлар интернат мактабининг ташкил этилганлиги ҳам шеърият бўстонининг бекасига бўлган юксак ҳурмат-эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Абдулла АҲМАД

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар