Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда болаларнинг ёзги таътили мароқли ўтади

Жиззахда болаларнинг ёзги таътили мароқли ўтади

30 май 2018 йил
875
0

Яна саноқли кунлардан кейин умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътил мавсуми бошланади.

Оромгоҳларда болаларни фойдали машғулотларга йўналтириш, уларнинг кўпроқ табиатқўйнида бўлишини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги ва агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси кенгаши қўшма қарор қабул қилди ва шу асосда махсус дастур тайёрланди. Дастурга мувофиқ бу йил ҳам 8 та умумтаълим мактаби қошида кундузги болалар оромгоҳлари ташкил этилади ва уларда 400 нафар, Ёмчи қишлоғидаги «Коинот» болалар оромгоҳида эса 300 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни мароқли ўтказади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, болалар оромгоҳларини ёзги дам олиш мавсумига тайёрлаш жараёнида соғломлаштириш масканлари фаолиятини янада яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, оромгоҳларга, аввало, кам таъминланган, чин етим ва кўп болали оилалар фарзандларини жалб этиш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга умумтаълим мактаблари қошида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларда болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш режалаштирилган. Шунингдек, оромгоҳларда мавсум давомида педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассиси ҳамда олий ўқув юртлари талабалари жалб этилади. Оромгоҳларда кутубхоналар ташкил этилиб, улар лотин тилидаги адабиётлар билан таъминланади.

Тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш масаласи доимий эътиборда бўлади. Хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва йўлҳаракати қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ички ишлар бўлими ходимлари бириктирилган.

Болалар оромгоҳларига тортилмаган ўқувчилар ёзги таътилини мароқли ташкил этиш борасида ҳам чора-тадбирлар режаси белгиланган. Ёшлар бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида умумтаълим мактаблари жамоалари, «Коинот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши, маҳаллалар мутасаддилари билан ҳамкорликда турли спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб борилиши кўзда тутилган.

Айни кунларда оромгоҳларда таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар