Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Ижтимоий иллатлардан сақланиш–ёшларнинг бурчидир

Ижтимоий иллатлардан сақланиш–ёшларнинг бурчидир

18 март 2019 йил
532
0

Миллий кадриятларимиз ёшларни барча ёмонликлардан сақланадиган, яхши амалларни қилишга рағбат қиладиган, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, жамиятга наф келтирувчи, оиласи, маҳалласи, Ватанини ҳимоя қилувчи, юртни обод қилувчи бунёдкор, ўзига юклатилган маъсулиятни мукаммал адо этувчи шахс бўлиб камол топишга даъват этади.

Аммо ижтимоий ҳаётда қатор иллатлар мавжудки, улар инсонни оиласи, жамият ва давлат олиддаги бурчи ва маъсулиятидан узоқлаштириб қўяди. Уларнинг айримлари устида тўхталиб ўтиш жоиз саналади.

Ижтимоий иллатлар :

- оммавий маданиятга эргашиш, билимсизлик, ахлоқсизли, маданиятсизлик ва тартибсизликни тарғиб қилиш;

- жиноятчилик йўлига кириш;

- кашандалик;

- ўзи жонига қасд қилиш

- гиёҳвандлик;

- аҳлоқсизлик;

- спиртли ичимликларга ружу қўйиш;

- жамоат жойида кийиниш маданиятини бузган ҳолда юриш, миллий ва диний қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик;

- катталарга ҳурматсизлик.

“Оммавий маданият” деганда ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар назарда тутилади.

“Оммавий маданият” ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қарашни тарғиб қилади.  

Гиёҳвандлик – вақтинча эйфорик кайфият (вақтичоғлик) пайдо этиб ўз домига ботқоққа тортгандай тортиб кетгувчи салбий иллат бўлиб, у инсонда табиий ва синтетик моддаларга паталогик мойил бўлиб қолишни англатади. У гиёҳванд воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган хасталикдир.

Кўп гиёҳвандларда наркотик модданинг биринчи истеъмолидан бошлаб, 2-3 ҳафтада мойиллик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар иккинчи инъекция олинганидан сўнг мойилликка олиб келади. Ҳамма наркотиклар гиёҳванд шахснинг руҳий ҳолатини ўзгартириб юборади.

Ҳамма гиёҳвандларда ички аъзолар хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринадилар, терилари серажин, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади.

Наркотикларни узоқ вақт истеъмол қилганда шахс борган сари инқирозга учрайди,  атрофдагиларга ҳамда яқинларига бефарқ бўлиб қолади, ақл-идроки пасаяди. Бундай инсонлар яхши хулқ ва одатларини йўқотади, тез-тез хавфли ҳаракатлар содир этади. Гиёҳвандлар наркотик модда дозасини юқори қилиб юборганида, абстинент (хумор) ҳолатида эса – юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этадилар. 

Кашандалик - чекувчи ёнида туриш натижасида 200 мингдан 1 миллионгача бўлган болаларда астма касаллиги оғир шаклда кечади.

2005 йилда қилинган ҳисоб китобларга кўра сайёрамизда 40% дан кўп кашанда бор экан. Улар бир сонияда 300 минг дона, бир йилда эса 12 миллион сигарета чекишар экан.

Кашандалар дастидан бир йилда салкам 700 тонна синил кислота, 400 минг тонна аммиак, 600 минг тонна қорамой ва 100 минг тонна чекилган сигаретадан атмосферага никотин тарқалар экан.

Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб айтганлар: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Инсон ҳаёти айниқса, ёшларимизнинг келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланиши лозим. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд бўлган зарарли иллатни йўқ қилиш ва уни олдини олиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир.

Татуировка – тери остига ранг юбориб турли хил шакл ва нақшлар чизиш. Татуировка қилдириш авваллари маҳбусларга хос одат эди. Аслида у турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши, оммавий маданиятни тарқатувчиларга ойдек равшан.

Хатарли ижтимоий иллатлардан яна бири бу ўз жонига қасд қилишлик. 

Исломда ўзини ўлдириш қатъиян ман этилган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни  ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (“Нисо” сураси, 29-оят). Уламолар  “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласини мусулмонлар учун бир-бирларини, шунингдек ўз-ўзини ўлдиришни таъқиқ сифатида тафсир қиладилар.

Кўплаб ҳадисларда ҳам инсон ўзини-ўзи ўлдириши ман этилгани таъкидланади, масалан: “Собит ибн аз-Заҳҳок ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “... Кимки бирор қурол билан ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ўша қурол билан унга азоб берилади. Мўъминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, бас у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий, ривояти).

Ташвишли таҳдидлардан бири одам савдосидир. Инсон тирик мавжудотлар орасида ақл-идрок берилган онгли мавжудот бўлиб, у ўтган замонларда ҳам озод ва эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланган қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидай ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Мамлакатимизнинг ўзида тирикчилик қилиш имконияти бўлатуриб, баъзи юртдошларимизнинг хорижга олиб кетиб сотилиши, хўрланиши, қулликка ёлланиши на бизга, на миллатимизнинг маънавий қадриятларига тўғри келмайди. Фикримизча, фуқароларимизнинг ушбу жиноят қурбонига айланишининг бир неча сабаблари бор:

одамларимизнинг соддалиги ва ишонувчанлиги;

тез вақт ичида моддий муаммоларни ҳал этиш илинжи;

енгил иш топиш орзуси;

ҳуқуқий билимларга эга бўлмаслик;

айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлари;

жиноятдан жабрланганларнинг дунёқарашининг торлиги, саёзлиги.

Интернет тармоғида ёшлар учун кўплаб тижорий, ирқий, миллий, диний ва порнографик мазмундаги таҳдидлар мавжуд. Француз сайтларидан ўрин олган порнографик суратлар сони ҳозирги кунда 300 000тадан кўпроқни ташкил этади.

Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботига кўра, 8 дан 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 87 % интернетдан мустақил фойдаланади. 61% ёшлар учун интернет энг севимли эрмак, 49% учун телевидениедан, 35% учун кинодан афзалдир.

Диний экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугундек таҳдид солмаган. Шундай экан, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига даҳлдор масалага айланди. Ушбу вазифаларга тўхталиб, Президентимиз И.Каримов “Биринчи галда, террорчиларни тайёрлайдиган заминга, ғояга, мафкурага эътибор бериш, шуларга қарши курашиш керак. Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур , деб таъкидлайдилар.”

Яна бир иллат борки, унинг натижасида жамият пароканда бўлиб, тарбия буткул издан чиқиши мумкин. Бу лоқайдликдир.

Лоқайдлик – жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Агар бир мевага чирик тушса тез орада чирик тушган жойини кесиб олиб ташламаса мевани ҳамма жойини эгаллайди. Шуни яхши билишимиз керакки бугун биз лоқайд бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир оқибат биз ҳам мева сингари чириндига айланиб қоламиз. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизни вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир.

Ватан, оила, дин, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда обрў-шараф инсон учун энг қадрли нарсалар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳимоя қилиш муқаддас бурчдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида мазкур нарсаларни душмандан ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлганлар шаҳодат мартабасини топишларини айтганлар. Ватан мудофаасидан ўзини олиб қочиб, уни душманлар босиб олишига рози бўлиб қараб туриш эса, гуноҳи кабиралардан эканини таъкидлаганлар.

Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини  асраш йўллари:

- мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш;

- ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болаликдан шакллантириш;

- мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;

- шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш;

- таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан, зарарли илларлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан қуроллантириб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хусусида улар хавф туғдирмасидан аввал маълумотга эга бўлиб боришларига шароит яратиш ҳамда доимо огоҳлик, дахлдорлик туйғуларини қалбларимизда мужассам этиб боришимиз лозим.

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Жиззах шаҳар бўлинмаси

раҳбари Солижон Файзуллаев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар