Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда АҚШнинг нуфузли компанияси соя ловиясини етиштиради

Жиззахда АҚШнинг нуфузли компанияси соя ловиясини етиштиради

20 апрель 2019 йил
570
0

Жиззах вилоят ҳокимлигига Америка Қўшма Штатларининг нуфузли “Алфа Эко” компанияси негизида ташкил топган “Америка соя ловияси корпорацияси”(American soybean corporation) делегацияси вакиллари ташриф буюришди.

“American soybean corporation” компанияси вакилларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари билан бўлиб ўтган музокарада инвесторлар вилоятда соя етиштириш имкониятларини юқори баҳоладилар.

-“Мамлакатингиз Президентининг янги ташаббуслари ҳамда истиқболли қарашлари боис юртингизда кенг кўламли ривожланишни кўриб турибмиз. Улар томонидан 2 йил аввал Ўзбекистонда соя етиштириш ва уни қайта ишлаш юзасидан киритган таклифлари эътиборимизни жалб қилди. Ўзбекистонда соя саноатини тубдан ўзгартириш ва юртингизни соя етиштириш бўйича минтақадаги етакчи мамлакатга айлантириш салоҳияти мавжуд.

Соҳага мутахассисларни етказиб бериш ҳам аҳамиятли жиҳат ва бу борада ҳам бизда бир қанча таклиф ва имкониятлар бор.  Бизнинг илк режамиз, бошланишига 100 минг гектар майдонда соя етиштириш, уни қайта ишлаш ва истъемолга тайёр ҳолатга келтиришни йўлга қўймоқчимиз. Шу мақсадда бу ернинг иқлими ва тупроғига мос уруғ навини яратиб, ҳосилдорликни ошириш ҳам кўзда тутилмоқда”- дейди   “American soybean corporation” президенти Фима Потик.

Учрашувда 350 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган ҳолда, ушбу ўсимликни экиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолатига келтириб, ички бозорни таъминлаш билан бирга хорижга экспорт қилиш жараёнларини ҳамда логистика марказларини қамраб олган кластерни ташкил этиш, соя чиқиндисидан чорва озуқасини ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки “American soybean corporation”  вилоятимизда сояни ҳозирда яроқсиз ва фойдаланилмаётган ерларда экишни режалаштирган.

Шунингдек, соҳага зарур кадрларни етказиб бериш, мутахассислар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди. Кластер учун экин ер майдонларининг ажратилиши, маҳаллий фермерлар билан ҳамкорликда ишлаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. 

- “Хулосамизга кўра, бу ернинг тупроғи қишлоқ хўжалиги учун жуда маҳсулдор. Айниқса пахта ва буғдойнинг самарали даражада етиштирилиши соянинг ҳам юртингизда барқарор етиштирилишига ва бунинг натижасида озиқ-овқат хавфсизлигининг тўлиқ таъминланиши ҳамда ушбу минтақа доирасида экспорт учун қулай шарт-шароитлар яратилиш имконини беради. Энг муҳими лойиҳамизни йўлга қўйишда Ўзбекистон ва АҚШ даги бир нечта университетлар ҳамкорлигини, инсон ресурсларини таъминлашдир,”- дейди “American soybean corporation” нинг ўсимлик генетикаси ва биотехнология бўйича фахрий қўмита аъзоси Генри Нгуен.

Учрашув сўнгида икки томон ўртасида ҳамкорлик  меморандуми имзоланди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар