Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда ғалладан  бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ҳолати ўрганилди

Жиззахда ғалладан  бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ҳолати ўрганилди

09 июль 2019 йил
126
0

Жорий йил ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, заҳирага жамғариш, ички ва ташқи бозорларга етказиб беришни ташкил этиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида ҳам бўлиб, ҳудудлардаги ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ҳолатини  ўрганиб чиқди.

Пахтакор туманининг “Бўстон” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси ҳудудида жами 13 та фермер хўжалиги фаолият юритади. Ушбу ҳудудда 749 гектар ғалла майдони мавжуд бўлиб, жорий йилда эл хирмонига 2848 тонна ғалла етказиб берилди.

Диққатга сазовор жиҳати, уюшма аъзолари вилоятда биринчи бўлиб ғалла режасини бажарди. Айни пайтда, ғалладан бўшаган майдонларга такорий экинлар экиш  авж палласида. Мазкур ҳудудда 80 фоиз дуккакли, 20 фоиз полиз экинлари экилиши режалаштирилган.

- Фермер хўжалигимизнинг 54 гектар ғалла майдони бўлиб, такрорий экин сифатида 8 гектарга тарвуз, 46 гектарга мош экилган, - дейди ҳудуддаги “Давонсой” фермер хўжалиги раҳбари Абдусаид Алматов. – Бу йилги ғалла ҳосилини йиғиштириб олдик. Кўриб турганиздек, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланяпмиз. Экилган мошнинг ҳар бир гектаридан ўртача 1500 килограмгача ҳосил олишни мақсад қилганмиз. Бу ҳам бизга қўшимча даромад. Фермер хўжалигимизда хизмат қилаётган 10 нафар ишчиларимизга ҳам 1 гектардан ер ажратиб бердик. Экин экишга ерни шудгорлаб беришда ҳам кўмаклашдик.

Ишчи гуруҳ Пахтакор туманидаги “Оқбулоқ” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига қарашли “Томорқа хизмати” МЧЖ фаолиятини ҳам яқиндан ўрганишди.

Бундан ташқари мазкур “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан жорий йилда 2500 туп мевали кўчатлар, 30 минг дона 20 турдаги сабзовот кўчатлари аҳолига бепул тарқатиб берилди. Ҳозирда 10 гектар ерга экилган қовун маҳсулоти пишиб етилган бўлиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериляпти.

Ушбу томорқа хизмати моддий-техника таъминотини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида ташкил этилган Жамғар ҳисобидан 500 миллион сўм кредит маблағи олган.

Ушбу маблағ ҳисобидан ўз фаолиятини янада кенгайтириб, аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликларига агротехник тадбирларни ташкил қилишда яқиндан кўмакчи бўлишни мақсад қилган.

Афсуски, яратилган бу имкониятлардан барча унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпти, деб бўлмайди. Ўрганишлар давомида  айрим фермер хўжаликларида ҳали ҳанузгача ер сомондан тозаланган бўлсада, такрорий экин экишга етарлича эътибор қаратилмаётганига гувоҳ бўлишди.

Мисол учун, тумандаги “Замин чўққиси” фермер хўжалигининг 15 гектар, “Я.З. Бекзод” фермер хўжалигига қарашли 40 гектар, “Оқпахта бойлиги” фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонида такрорий экин экиш кечиктирилмоқда.  Гарчи, бир қатор жузъий сабаблар рўкач қилинаётган бўлсада, мазкур фермер хўжаликларида такрорий экин экиш кечикаётганини мазкур масалага етарлича эътибор қаратилмаётгани билангина изоҳлаш мумкин.

Саида УМАРАЛИЕВА

O’zLiDeP вилоят Кенгаши 

Матбуот котиби 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар