Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШДАН МАҚСАД НИМА?

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШДАН МАҚСАД НИМА?

20 июль 2019 йил
227
0

БМТ «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюциясига мувофиқ ушбу ташкилотга аъзо давлатлар аҳоли ҳамда уй-жой фондини рўйхатга олишни белгилаб қўйган.

Бугунги кунда ҳамдўстлик мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошлаб юборилган. Жумладан, жорий йилда Озарбойжон, Беларусь Республикаси ва Қозоғистонда, 2020 йилда эса Қирғизистон, Арманистон, Россия, Тожикистон ҳамда Украинада аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида аҳоли бирор марта бундай ҳисоб-китоб қилинмаган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз аҳоли сонини аниқ ҳисоблаб чиқиш, уларнинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Аҳолини рўйхатга олиш вақтида қўлга киритилажак асосли ва ишончли маъумотлар республикадаги ижтимоий вазиятга янада ойдинлик киритишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у нафақат давлат, балки бизнес юритиш учун ҳам ниҳоятда фойдали. Боиси маҳаллий ва хорижий компанияларнинг самарали фаолиятида ҳудудлардаги реал ҳолатни билиш, прогноз қилиш муҳим омиллардан саналади.

Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган концепцияга асосан, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилади. Концепция 8 та боб, 29 та банддан иборат бўлиб, унинг ҳар бирида масъул ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб қўйилган. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган эса Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлимлари ҳисобланади.

Ушбу кенг миқёсли амалиётнинг яна бир бош мақсади мамлакатимизда, умуман, ҳар бир маъмурий ҳудудда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғишдан иборат. Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида, яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу ҳудудларда хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмаётган ёки муддатини ўтаган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бу мамлакатимизнинг янги, мукаммал кадастр харитаси яратилади, деганидир.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Барча босқич, яъни тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларни эълон қилишга доир чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси томонидан амалга оширилади.

Бу жараёндаги барча саъй-ҳаракатлар, хусусан, аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли органлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, назорат қилиб бориш, тадбирларга жалб қилинган шахсларга ҳақ тўлашни ташкил этиш ва бошқа вазифалар комиссия зиммасига юклатилган.

Бундан ташқари, рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар эндиликда ягона электрон ахборот тизимига киритилади. Демак, қоғозбозликдан воз кечилиб, замонавий технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилади.

Тоҳир ҚЎНАРОВ,

Фориш туман статистика бўлими бош мутахассиси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар