Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

31 июль 2019 йил
245
0

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этди. Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Абдивали Мустанов бошқариб борди.

Дастлаб депутатлар сессия кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан туман секторлари раҳбарларининг ҳисоботлари тўғрисида»ги масалани муҳокама қилдилар. Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Абдивали Мустановнинг шу йилнинг иккинчи чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

– 2019 йилнинг ўтган иккинчи чораги даврида 1-сектор раҳбари ҳудудидаги 13 000 дан зиёд хонадонларнинг аҳволи ўрганилди, – деди туман раҳбари. – Мулоқотлар давомида аҳоли томонидан туман, вилоят, республика даражасидаги 3800 та муаммолар аниқланиб, уларнинг 3472 таси тегишли тартибда бартараф этилди. Қолган муаммоларни ҳал этиш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Бу борада 2019 йилнинг ўтган даврида 8 нафар ногиронлиги бўлган шахслар 15 турдаги протез-ортопедия воситалари, 6 нафари ногиронлик аравачалари, 7 нафари эшитиш мосламалари, 14 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди. Ногиронлиги бўлган ва нафақа ёшидаги 80 нафар фуқароларга даволаш-профилактика муассасаларига йўлланмалар ажратилди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш йўли билан секторлар ҳудудида умумий қиймати қарийб 14 миллиард 800 миллион сўмлик 3 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилди. Бундан ташқари 1 миллиард 250 миллион сўмлик 2 та кичик лойиҳалар амалга оширилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ўсиш суръатлари таъминланди. Хусусан, ўтган ойлар давомида 79,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 105,9 фоиз ўсишга эришилди. Бундан ташқари 292 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 102,2 фоиз ўсиш таъминланди. Хизмат кўрсатиш ҳажми 107,3 фоизга, пудрат ишлари 123,7 фоизга бажарилди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 875,2 сўмни, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3201,6 минг сўмни, хизмат кўрсатиш ҳажми 638,9 минг сўмни ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига хориж капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 16 тани ташкил этди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 5 та янги хориж капитали иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтказилди.

Маҳаллий бюджет даромадларига туширилиши белгиланган 14,7 миллиард сўм ўрнига, 17,9 миллиард сўм маблағ туширилди ва прогноз 121,6 фоизга бажарилиши таъминланди.

Тумандаги 12 та экспортёр корхоналар томонидан жами 1416,1 минг АҚШ долларилик саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган ярим йилликда 833 та янги иш ўринлари яратилиб, дастур ижроси 107,9 фоизга бажарилди.

Сессияда 2, 3, 4-туман секторлари раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланиб, муҳокама қилинди.

Шундан сўнг депутатлар туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ойбек Эшбековнинг «Туман ҳудудида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида»ги, туман молия бўлими мудири Алишер Қозоқов, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Рустам Тўйчиев, туман ҳокими ўринбосари Темур Саъдуллаевларнинг «Туманда 2019 йил биринчи ярим йиллигида бюджет даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ишлар натижадорлиги тўғрисида»ги, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Адиба Жабборованинг «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар» юзасидан ахборотларини муҳокама қилдилар.

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўринбосари Қобил Хидиров «Халқ депутатлари туман Кенгашининг намунавий регламентига ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ахборот берди.

Сессияда туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Абдивали Мустанов «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида» ахборот берди.

Сессия кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар