Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » "Ўрда" экологик боғида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари беш ташаббус ижросини таъминлашга қанот бағишламоқда

"Ўрда" экологик боғида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари беш ташаббус ижросини таъминлашга қанот бағишламоқда

15 август 2019 йил
233
0

Жиззах шаҳри, Зомин, Шароф Рашидов туманларидаги 12 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларини Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга оширишда намунали ҳудудга айлантириш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган. Вилоят марказидаги Жиззахлик маҳалласи шуларнинг бири.

Мазкур фуқаролар йиғинида 3228 нафар аҳоли яшаб, уларнинг 64 фоизини ёшлар ташкил қилади. Баркамол авлод эгаларининг маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш йўлида олиб борилаётган ишлардан кўнгил қувонади.

Хусусан, 1-ташаббус — ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш борасидаги вазифалар ижросини олиб кўрайлик. Маҳалла теграсидаги умумтаълим мактаблари, музей ва кутубхоналар, санъат коллежида бу борада бой тажрибалар тўпланган. 16-умумтаълим мактаби ёзги таътилда ҳам ўқувчилар билан гавжум бўлди. Бу ерда фаолияти йўлга қўйилган соғломлаштириш оромгоҳида 80 нафардан зиёд ёш  ҳордиқ чиқариб, турли фан тўгаракларига қамраб олинди.

Ёшларни жисмоний жиҳатдан чиниқтириш доимий эътиборда. 16-умумтаълим мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод мактабининг спорт майдонлари кеч оқшомлари йигит-қизлар билан ҳамиша гавжум. Шароф Рашидов, Бобоқул Ҳошимов кўчаларидаги болалар шахмат-шашка, каратэ, стол тенниси, югуриш мусобақаларида ғолиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғинининг эсдалик совғаларига муносиб кўрилди.

Маҳалла  фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ҳулкар Бўронова ҳамроҳлигида Шароф Рашидов кўчасининг 28-уйида ташкил этилган миллий ширинликлар цехида бўлдик.

—Корхонамиз бундан 4 йил муқаддам ташкил қилинганди, — деди қандолатпазлар раҳбари Санобар Юсупова биз билан суҳбатда. — Айни пайтда маҳсулотларимиз нафақат вилоятимиз ички бозорида, балки Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё воҳалари, Каттақўрғон шаҳрида ҳам харидоргир.

—Бу ерда ишлаб, рўзғор тебратаётганимдан мамнунман, — дея фикр билдирди Нафиса Ҳамроқулова. — Ойига 650-700 минг сўмдан маош олаяпмиз.

С.Юсупованинг таъкидлашича, яқинда "Ҳамкорбанк"нинг молиявий кўмаги билан Хитойдан энг сўнгги русумдаги пишириқ печи харид қилинди. Бу билан меҳнат унумдорлиги сезиларли даражада ортиб, ишчилар сони 11 нафарга етди. Қандолатчи хотин-қизларнинг режалари улкан. Келгусида цех фаолиятини кенгайтириш, қўшимча 14 нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Маҳаллада Санобар опанинг издошлари кўп. Шаҳло Ортиқова банк кредити ҳисобидан асаларичиликни, Файзи Азимова чорва-чиликни ривожлантирмоқда. Дилором Тўраева ишлаб чиқараётган нон маҳсулотлари, Умида Абдураимованинг тикувчилик буюмларига буюртмалар сони ошиб бораяпти.

Маҳалла ёшларининг эртаси янада порлоқ. Ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"га мувофиқ яшаш шароитини яхшилаш, ҳудуднинг инфратузилмасини мустаҳкамлаш, қурилиш, таъмирлаш ишларини авж олдириш, умумтаълим мактабларига спорт жиҳозлари, компьютер воситалари етказиб беришда улкан режалар рўёби таъминланади.

Ҳозирнинг ўзидаёқ бир қатор амалий ишларнинг ижроси таъминланди. Мамир Зарипов кўчасига асфальт ётқизилди, Жиззах шаҳар "Маҳалла" хайрия фонди билан ҳамкорликда кутубхона фаолияти йўлга қўйилди.

Маҳалла ҳудудидаги "Ўрда" экологик боғида айни пайтда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани беш ташаббус ижросини таъминлашга қанот бағишлади. Боғ ҳудудида 2 та мини футбол майдончаси қурилаяпти. Шунингдек, мазкур гўшада маданият муассасалари, кутубхонанинг ишга туширилиши, каруселларнинг фойдаланишга топширилиши ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасидаги вазифалар кенг қамровли. Маъмура Орзиқулова, Норбуви Нурматова, Машҳура Турсунова, Тамара Аҳрорқулова сингари хотин-қизларга имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг қуёнчилик, чорвачилик билан шуғулланишларига имконият яратилди. "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида 21 нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаяпти. Ҳа, маҳалла ёшларини ёрқин келажак кутаяпти. Демак, уларнинг эртаси бугунгидан кўра порлоқ.

Турсунбой КАМОЛОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар