Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Хотин-қизлар муаммолари қачон камаяди?

Хотин-қизлар муаммолари қачон камаяди?

15 август 2019 йил
108
0
Туманлардаги хотин-қизлар қўмитасининг қайси бирига борманг раисани идорасида ўтирганини кам учратасиз.

У албатта бирор маҳалла ё қишлоққа чиқиб кетган, уйма-уй юрган, бирор эҳтиёжманд аёлнинг муаммосини ҳал этиш учун қаергадир чиққан бўлади. Идораси эшиги олдида ҳам камида беш-олти аёл муаммоси билан кутиб турган бўлади.
Ғаллаорол тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Шарофат Сафарова билан учрашувга олдиндан келишиб борган бўлсак-да, суҳбат орасида мурожаат учун келган аёлларнинг бир нечтасини қабул қилишига тўғри келди.
– Эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож хотин-қизлар муаммоси билан доимий шуғулланяпсизлар. Гарчи бундан бошқа ишлар ҳам кўп бўлишига қарамай ҳар бир аёлнинг дардини тинглаш, унинг муаммоси қайси идорага тегишли бўлишидан қатъий назар ҳал этиб бериш кундалик ва асосий вазифаларингизга айланган. Шундай экан, нега муаммоли аёллар, оилалар камаймаяпти? Мана, ҳозир эшигингиз олдидаги опа нега айнан сизнинг ҳузурингизга келган?
– Кундалик ишимиз навбатдаги эҳтиёжманд оилага кўмак беришдан бошланади, – дейди Шарофат Сафарова. – Опа ёлғиз яшайди. Уйида электр токи ўчиб қолган экан, тармоқ идорасига мурожаат қилган, бироқ электрмонтёрлар келмаган. Маҳалла фуқаролар йиғинига айтса ҳам бўларди, улар ҳам опани ёлғизлатиб қўймаган. Аммо маҳалла идорасига қараганда бизга яқинроқ жойда яшайди. Кўмак беришимизни билиб келади. Эрталабдан электр тармоғи идораси раҳбарининг ҳам “асабини бузишимга” тўғри келди. Айбдор улар албатта. Кеча айтган экан. Вақтида ҳал этиб қўйса опа бизга мурожаат қилиб келмас эди.
Ёрдамга муҳтож хотин-қизлар биттами, бир нечтами, барибир хотин-қизлар қўмитаси биринчи навбатда шу масала билан шуғулланиши кейинги пайтда оддий тартибга айланди. Бугунги куннинг талаби ҳам, ҳукуматимиз томонидан қўмита олдига қўйилган вазифа ҳам шундай ишлашни тақозо этаётир.
“Нега муаммоли аёллар камаймаяпти?” деган саволингизга келсак, муаммоларнинг аксариятини ўзимиз аниқлаяпмиз. Барча ҳудудий секторларда тузилган ишчи гуруҳлар аъзолари уйма уй юриб муаммоларни ўрганмоқда. Ишчи гуруҳ таркибида бизнинг вакилимиз ҳам албатта иштирок этади. Айтишга вақти бўлмаган ёки кимга айтишини билмай ўтирган аёл “Нима муаммонг бор?” деб сўрагандан кейин дардини айтади-да.
Илгари ҳам аёлларнинг муаммолари ўрганилган. Аммо ҳеч ким ҳар бир аёлнинг аниқ муаммосини ҳал этиш учун масъул бўлмаган. Бугун эса ишнинг тартиби ўзгарди. Энди ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилмоқда. Оиладаги муаммонинг асосий юки уй бекаси зиммасига тушади. Эр ишсиз, оилада етишмовчилик бўлса биринчи навбатда аёл қийналади. Ота ишда, болаларнинг тарбияси билан она шуғулланади. Боғча бўлмаса, мактабда таълим яхши йўлга қўйилмаган бўлса, яна онага муаммо туғилади. Сув, газ, электр таъминоти яхши бўлмаса энг кўп қийналадиган ҳам аёл. Маиший турмушдаги ҳамма қулайликни ҳам, ноқулайликни ҳам биринчи бўлиб ўз ҳаётида ҳис этадиган зот бу - аёл.
Аёл ишдан, болалардан, уйнинг супир-сидиридан, ошхонадаги куйдир- пиширдан бироз вақт топиб ўзига ҳам қараши керак. Маҳаллада, қишлоқда тикувчи, салон деган хизматлар бўлмаса бу ҳам муаммо. Аёлнинг ишлаши – оиланинг фаровонлигига хизмат қилади. Аёлларбоп иш жойи топиш эса яна бир муаммо. Хуллас, турмушнинг майда ташвишлари кўринган бу ишларнинг ҳаммасини бугун умумлаштириб “ижтимоий муаммолар” деб атаймиз. Ижтимоий соҳани ривожлантириш эса энг катта вазифа.
Илгари уларнинг ўзлари бизга келиб муаммолари билан мурожаат қилган бўлса, бугун биз уйма уй, кўчама кўча юриб, ишхоналарига бориб “нима муаммонг бор” деб сўраяпмиз. Аввал ўзи келиб мурожаат қилишга истиҳола қилган аёл бориб сўрагандан сўнг дардини айтади-да. Мана нима учун аёлларимизнинг муаммоси тугамайди.
Дунёнинг машҳур давлат арбобларидан бири Индира Ганди 70-йилларда “Ҳиндистоннинг 1 миллиард одами бор, демак 1 миллиард муаммоси бор” деган экан. Туман аҳолисининг 83 минг 400 дан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Демак, шунча муаммо бор. Чунки ҳар бир хотин-қизнинг орзу армонлари, ташвиш ва қувончларига шерикмиз.
– Демак, хотин-қизларнинг хоҳиш истаклари асосида иш олиб борилса, ижтимоий муаммолар ҳам чексиз давом этаркан-да?
– Асло ундай демоқчи эмасман. Аёлларнинг яхши яшаш, яхши ҳаётни орзу қилиши табиий ва бунинг ҳеч ёмон томони йўқ. Бироқ, бизнинг фаолиятимиз аёлларнинг тор доирадаги орзу ҳавасларини эмас, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш масалаларида давлат сиёсатини амалга оширишдир.
Бу вазифа хотин-қизларнинг мақомини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини, оила ва жамиятдаги ролини ошириш, давлат ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб ҳаёт шароитини яратишдек тадбирлар мажмуини ўз ичига олади. Аниқ тизимга бирлаштирилган мазкур вазифани хотин-қизлар қўмитаси фуқаролик жамияти институтлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Бу вазифанинг тизимли амалга оширилаётгани, туманда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор самарасида кейинги йилларда аёллар ва болалар ўртасида турли касалликларга чалиниш даражаси кескин камайди. Бу оилада тиббий маданиятни ошириш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган маърифий тарғибот ишларининг амалдаги самараси албатта.
– Бу ишларнинг ичида энг муҳими – аёлларни иш билан таъминлаш бўлиб қолаётир. Айнан муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлса керак?
Албатта, оила мустаҳкам бўлиши учун унинг иқтисоди ҳам соғлом бўлиши керак. Шундан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш, уй меҳнати ташкил этиш, иш ўринлари очишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман бўйича жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 110 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Жумладан, 303 нафар аёл турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди, 30 нафар аёл ипак қурти боқишга жалб этилди, 777 нафари тадбиркорлик, жамоат ишлари, уй меҳнати, касаначилик йўналишларида иш билан таъминланди.
Шу даврда туманда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар сони 405 нафарга етди. Тадбиркор аёллар учун жами 5 миллиард 200 миллион сўмликдан зиёд, шу жумладан, 4 миллиард 816 миллион сўмлик тижорат банклари, 432 миллион 600 минг сўм Хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш жамоат фонди кредитлари ажратилди.
Туманда 127 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қиз рўйхатга олинган. Улардан ногиронлиги бўлган 6 нафари уй-жой, 15 нафари Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ногиронлик аравачаси, 13 нафари реабилитация воситалари билан таъминланди. 24 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, 20 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.
Шу ўринда юқорида тилга олинган муаммоларнинг тугамаслиги ҳақидаги фикрга тўхталмоқчиман. Ишсиз аёлларимиз камаймоқда, ногиронлиги бўлган аёллар ижтимоий ҳимояга тўлиқ қамраб олинаётир. Демак, ижтимоий муаммоларимиз ҳам камаймоқда. Бу ҳукуматимиз томонидан хотин-қизлар билан ишлаш тизимининг такомиллаштирилаётгани натижасидир. 
Президентимиз раҳнамолигида жойларда маданий, маиший хизмат кўрсатиш сифатини, газ, сув, электр энергияси таъминотини яхшилаш, мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида хотин-қизларнинг турмушини янада яхшиланишига хизмат қилаётир.
Т. БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар