Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда қоракўлчилик тикланадими?

Жиззахда қоракўлчилик тикланадими?

18 сентябрь 2019 йил
756
0

Бир пайтлари жаҳон мўйна бозорида Ўзбекистоннинг сур, қора, кўк рангли, экспортбоп бўлган ярим доира қаламгул, қовурғасимон ва ясси гул типидаги қоракўл терилари  жуда машҳур бўлган.

Бироқ, сўнгги йилларда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах вилоятларининг яйловларида боқилган отар-отар қоракўл қўй зотларига бўлган эътибор  анча сусайди. Бундан 30-35 йил олдин биргина Форишнинг Қизилқум чўлларида 350000 бошдан зиёд қоракўл қўйлари парвариш қилинган. Ҳозир эса туманда 79000 бошга яқин қоракўл қўйлари боқилмоқда, холос.

Бугунги кунда соҳада мавжуд ички имкониятлардан, хусусан, наслчилик, чўл-яйловларда озуқабоп ўсимликлар майдонларини кенгайтириш, экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва тиббиёт мақсадлари учун кенг фойдаланишни  даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 августда “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда унинг ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг асосий мазмун-моҳияти юзасидан мутахассисларнинг  фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Ҳусан Одилов, вилоят “Қоракўлчилик” уюшмасининг раиси: —2019-2021 йилларда қоракўл зотли қўйлар бош сони, жун ва қоракўл тери ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хом ашё етказиб берувчи ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, яйловларни кенгайтириш, озуқа етиштириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича қоракўлчилик субъектлари кесимида манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра қоракўлчиликка ихтисослаштирилган илмий-наслчилик тажриба станцияларида экспортбоп қоракўл қўйлар селекциясига алоҳида эътибор кучайтирилади. Жаҳон мўйна бозори талабидан келиб чиққан ҳолда қоракўл териларнинг рақобатбардошлиги оширилади. Бунинг учун “GOLDEN  TERRITORY” МЧЖ томонидан маҳсулдор қўй ва қўчқорлар аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказиб берилади. 2019-2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларида етиштирилиб, экспортга сотиладиган ҳар бир дона қоракўл териси учун давлат бюджетидан 50000 сўм ва қоракўлча териси учун 75000 сўмдан субсидиялар ажратилади.

—Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ҳузурида қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилаяпти экан. Ушбу жамғарманинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб берсангиз.

—Қоракўлчилик соҳасида наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш, жаҳон бозори талабларига мос рақобатбардош қоракўл териси ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма ташкил этилмоқда. Жамғарма маблағлари давлат бюджетидан фоиз тўловларисиз қайтариш шарти билан 7 йил муддатга 2019-2020 йилларга ажратиладиган 50 миллиард сўм ҳамда республика “Қоракўлчилик” уюшмасига аъзо ташкилотлар, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари, халқаро молия институтлари, хорижий донорларнинг грант, кредитлари ҳисобига шакллантирилади. Бу маблағлар наслли қоракўл зотли қўйлар сотиб олиш, наслчилик-селекция ишларини илмий асосда ривожлантириш, қайта ишловчи корхоналар ҳамда озуқа цехларини ташкил этиш, экспортбоп тери етиштириш умуман, уюшманинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ишчи ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари “Халқ банки” филиаллари орқали қоракўлчилик билан шуғулланувчиларга 3 йил муддатга 5 фоизлик кредит ажратилади. Қоракўлчилик хомашёсидан “Эритим”, “Тимоптин”, “Кардин”, “Афлан” каби ноёб дори воситалари олинади. Эндиликда ушбу препаратларни ишлаб чиқаришни 10 бараварга ошириш бўйича республика Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлар олиб борилмоқда.

—Қоракўлчиликдаги ислоҳотларда уюшманинг роли қандай бўлади?

—2019 йилнинг 1 сентябридан эътиборан республика “Қоракўлчилик” уюшмаси зотли қўйларнинг бош сони, генофондини сақлаш, наслчилик-селекция ишлари, маҳсулотларнинг сифати юзасидан даврий мониторинг ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширади. Яйловлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисида уюшма чорвадорларга тавсиялар беради. Наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига қарашли яйловларни туман ҳокимлиги заҳирасига олиш, уларни бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларига ёки корхоналарга бериш республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг розилиги билан амалга оширилади.

Ҳозир қоракўлчилик йўналишида 85 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Улар мавжуд 69400 бош қўйни 2021 йилда  88200 бошга етказиш мажбуриятини олишган.

Ботир Каримoв, Фориш туманидаги “GOLDEN TERRITORY” масъулияти чекланган жамиятининг раиси: —Жамиятимиз 2017 йилнинг май ойида ташкил этилган. Жамиятимизда  24 нафар чўпон, 2 нафар чорвашунос, ветеринар врач, жами 50 га яқин ходим меҳнат қилади. Айни пайтда ихтиёримизда 9600 дан зиёд қоракўл зотли қўйлар 73000 гектарлик яйловда  боқилмоқда. Бизда асосан қора рангли ярим доира қаламгул қоракўл терилари тайёрланиб, сотилади. Вилоят ҳокимининг қарорига асосан 2021 йилгача қўйлар бош сонини 11800 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 24 тонна жун, 530 та тери тайёрланади, 300 гектар чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги майдони ташкил этилади. Қоракўлчилик хўжаликларига озуқа етиштириш мақсадида Зафаробод туманининг Беруний сув истеъмолчилари ҳудудидан 33 гектар суғориладиган ер майдони ажратиб берилди.

Қоракўл қўйлар бир кунда 17-18 километр масофагача ўтлаб юради. Жуссаси кичик бўлгани учун ҳам ҳар қандай яйлов шароитида ўзига керакли озуқани топа олади. Ёзнинг иссиғига, қишнинг совуғига чидамлилиги билан бошқа зотлардан ажралиб туради. Ўртача оғирлиги 20-25 килони ташкил қилади. Бир йилда битта қоракўл қўй баҳорда 3, кузда 1 килограммгача жун беради.

Соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, истиқболли лойиҳалар келгусида ўзбек қоракўлининг жаҳон бозорида довруғи қайта тикланишига хизмат қилади.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар