Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Жиззахда ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

19 сентябрь 2019 йил
1 019
0
Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларга мўлжалланган 470 миллиард сўмлик “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилаётир.

Вилоят аҳоли пунктларининг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан таъминланмаган. Марказлашган тармоқларда ҳам сув олиш иншоотларининг аксарияти ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилгани ҳамда эскиргани оқибатида қуввати 3 баробар қисқарган.
Жиззах шаҳри ва 65 та қишлоқдаги 1850,4 километрли ичимлик суви тармоқларининг 1182,9 километри ёки бошқача айтганда, 64 фоизи реконструкцияга муҳтож.
Зарарсизлантирувчи ускуналарнинг мавжуд эмаслиги натижасида кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлар бўйича аксарият ҳудудлардаги ичимлик суви юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Бу эса эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатаётир. Айни пайтда Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари аҳолисининг 46 фоизи давлат стандартларига мос бўлмаган, ичишга яроқсиз ер усти сув манбаларидан фойдаланиб келаётир.
Марказлашган сув таъминоти тармоғига уланганлар ҳам меъёрдагидай фойдаланаётгани йўқ. Вилоят ва туман марказларидаги аксарият уйларнинг юқори қаватларига сув чиқмайди. Кўпчилик қишлоқларда сув маълум соатларда табақалаштириб берилади.
Шу боис Президент қарори асосида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳасининг амалга оширилиши тарихий аҳамиятга эга бўлади. Лойиҳа асосида Бахмал туманидаги Узунбулоқ қишлоғида бир кеча-кундузда 100 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга бўлган иншоот барпо этилмоқда. Қудратли насослар ёрдамида Зарафшон дарёсининг суви 102 метр баландликка кўтарилиб, ушбу тозалаш иншоотининг бунёд этилаётган махсус ҳовузиларга ташланади.
Ўтган йили сув олиш иншооти, сув тозалаш станцияси, сув олиш иншоотидан сув тозалаш иншоотигача бўлган 16 километрли сув қувурлари ва тозалаш иншоотидан 20 километрли магистрал сув қувури қурилди. Иншоотда 78 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
– Ҳозир умумий узунлиги 183 километр бўлган сув тармоғи, сув кўтариш ва тозалаш иншооти, 100 минг метр куб сиғимли сув сақлаш иншооти қурилиши тез суръатларда амалга оширилаётир, – дейди “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мираҳмад Қоратоев. – Лойиҳа доирасида 13 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилиниб, диаметри 203 километр магистрал ичимлик суви узатиш тармоғи қурилади. 65 та қишлоқда 52 километр узунликдаги ичимлик сув тармоқлари тикланади. Ишни лойиҳада белгиланган муддатда бажариш учун қурувчиларга барча шароит яратиб берилган.
Ушбу йирик лойиҳа иншоотларини қуриш ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг махсус қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда. Тозалаш иншоотини ёрдамчи пудратчи сифатида “Оби-ҳаёт инжиниринг” масъулияти чекланган жамиятининг Хоразм филиали қурувчилари барпо этмоқда.
Сув узатиш магистрал тармоғига Олмалиқдаги “Мега мебико” масъулияти чекланган жамияти қошидаги корхонада махсус буюртма бўйича ишлаб чиқарилган диаметри 1200, 1000, 800 миллиметрли шиша толали пластик қувурлар ётқизилмоқда. Бу қувурлар юқори босимга бардошли бўлиб, кафолатли фойдаланиш муддати 100 йилни ташкил этади. Ҳозиргача лойиҳа талабларига асосан қувурлардан узунлиги 39,4 километри ётқизилди. Монтаж ишларини ҳам қувурларни ишлаб чиқарган корхона ишчи-мутахассисларидан иборат жамоа амалга оширмоқда.
Айни пайтда Мирзачўлдан Самарқандгача чўзилган катта трассада қурилиш ишлари қизғин бормоқда. Қурилишга 60 дан зиёд машина ва механизмлар, 162 нафар малакали мутахассис ва ишчи жалб этилган.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида яшовчи 860,7 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланиши кўзда тутилган. Лойиҳа ҳудудидаги марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти ва санитария-эпидемиологик ҳолат яхшиланади.
– Ушбу лойиҳа кўлами ва долзарблиги билан вилоят ҳаётида жуда катта воқеа, – дейди вилоят “Сувоқова” унитар корхонаси матбуот маркази раҳбари, Ўзбекистон Республикаси коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси Парда Шукуров. – Вилоят тарихида ичимлик суви тармоғида бундай катта иш қилинмаган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти қамрови Жиззах шаҳрида 95,2 фоизга, лойиҳа доирасидаги 65 та қишлоқда эса 29,2 фоизга етказилади. Бу жуда катта натижа.
Президентимизнинг эътибори билан аҳолини кўп йиллар қийнаб келган муаммонинг ҳал этилишига оз фурсат қолмоқда. “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳасининг амалга оширилиши билан ҳудуднинг ярмидан кўпроқ қисмида ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади. Бу аҳолининг яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш баробарида, ҳудудларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар