Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » ЁДГОР САЪДИЕВ: Жиззахнинг бош газетасига интервью берди

ЁДГОР САЪДИЕВ: Жиззахнинг бош газетасига интервью берди

27 сентябрь 2019 йил
987
0

Ўзбек маданияти ва санъати дарғаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев эл орасида катта обрў-эътиборга эга актёрлардан бири.

У 1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Фаолиятини Ўзбек миллий академик драма театрида бошлаган. Отахон театрнинг устоз актёрлари назарига тушган Ёдгор Саъдиев эпизод ролларда узоқ қолиб кетгани йўқ. "Қароқчилар", "Уйланиш", "Бой ила хизматчи", "Юлдузли тунлар", "Алишер Навоий", "Келинлар қўзғолони" каби спектаклларда 60 дан зиёд эсда қоларли роллар ижро этди. Театр саҳнасида омади чопган Ёдгор Саъдиевга кино ҳам бегона бўлмади. "Дилбарим", "Минорхўрлик Жўра овчи", "Енгилмас", "Ўн уч терак кўчаси", "Қизил қумлар" номли фильмларни кекса томошабинлар яхши эслашади. 

— Севимли ижодкорсиз… севимлиликнинг сабаби нимада?

— Меҳнатда, машаққатда, десам тўғри жавоб бўлади. Риёзат чекмагунча ёр васлига етиб бўл-мас, деган ғазали бор Машрабнинг. Шу билан биргаликда ҳузур қилган меҳнатингдан рози бўлишда. Машаққатингиздан ўзингиз ҳузурлансангиз, саҳнада, экранда, томошабин ҳам ҳузур қилади.

— Актёр аслида ким? Яхши режиссёр-чи?

— Актёр... (ўйланиб) Актёрлар — инсоннинг ички туйғусини кўрсатадиган инженерлар. Ме-нинг фикримча, инсонга ҳам салбий, ҳам ижо-бий нарсаларни рост кўрсатади. Қувончни, қайғуни ҳам. Драма, комедия, трагедия... Раҳматли устозим Наби Рахимов айтардилар, биз  артистмасмиз — биз актёрлармиз...

Режиссёрларнинг ўзига яраша феъли бор. Улар актёрга ёндошиш томондан ўзгача. Яхши режиссёр икки оғиз гап билан айтишингиз керак бўлган нарсани олдингизга ташлаб қўяди. Актёрни мақсадга аниқ олиб боради. Улар икки хил. Режиссёрлар театри ва актёрлар театрига бўлинади. Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдо-шев билан деярли тенгдошмиз. Театрга бир вақтда келганмиз. Теша Мўминов, Эркин Коми-лов, Марат Азимов.... биз бирга ишлаганмиз. Натижада Баҳодир Йўлдошев режиссёр бўлди, биз актёр бўлдик. Иш жараёнида бир-биримизга кўмакчи бўлганмиз. Бир-биримизни яратганмиз. Бу жуда керакли нарса. Футболда битта термин бор. Агар футболда жамоа ютқазса, унга мураббий айбдор, агар ютса, ўйинчилар сабабчи театрдаям худди шунақа қоида бор. Агар ижро  зўр чиқса актёр зўр. Агар омадсиз чиқса режиссёр айбдор.

— Машҳурлик нима?

— Ҳеч нарса эмас, десам нотўғри албатта (ку-лади). Ким машҳур бўлишни истамайди дейсиз. Лекин бу ҳақда кечаю кундуз ўйлаш керакмас. Меҳнат қилиш керак. Ёшлар мендан хафа бўл-масин. ОАВ уларни реклама орқали машҳур қилаяпти. Агар тарози палласига машҳурлик ва рекламани қўйсак — реклама босади. Сохта машҳурликнинг умри қисқа. Иқтидорли ёшлар жудаям кўп. Лекин гуруч орасида курмаклари бор. Ёзувчи Тоҳир Маликнинг "Одамийлик мулки" асарини ёшлар кўпроқ ўқиши керак. Чунки одамийликнинг юкини кўтариш оғир нарса. Одамийликнинг қароқчиси бу маънавий мулксизлик. Ёшлар китоб ўқиши керак. Бадиий адабиётдан кўп нарса олишади.

— "Шайтанат" сериалидан кейин неча йилларким халқ кўз ўнгида Асадбек бўлиб яшаб келмоқдасиз. Бу ҳам бўлса, ўз ролини ишонарли ва қойилмақом қилиб иж-ро этганингиздан далолат. Асадбек об-рази ҳақида...

— 1998 йилда суратга олинган "Шайтанат" сериали ҳалигача томошабинларнинг тилидан тушмай келяпти. Шайтанат деганда инсон кўз олдига Асадбек, Асадбек деганда эса "Шайтанат" келади. Бу узвий тушунчаларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Мен Асадбек образига ижобий ёндашишга ҳаракат қилганман. Тоҳир Маликнинг "Сўнгги ўқ" асари қаҳрамони Жаҳонгирнинг гапини эс-ланг: "Мен бу миллатни ҳар қанақа камчилиги билан яхши кўраман, чунки бу менинг миллатим". Ана шу назардан келиб чиқиб, Асадбек образини ўта аблаҳ қиёфада кўрсатмаслик учун, Тоҳир акага илтимос қилиб бўлса ҳам ўзгартирганман. Чунки, асардаги образлардан бири Муҳиддин отанинг бир гапи бор: "Аслида, бунинг палаги тоза эди..." Асадбек ролини ўй-наётган пайтимда кейинги фаолиятим нима бўлади, деб ўйламаганман. Бошқа образларим Асадбекка ўхшаб қолмасмикан, деган фикр хаёлимга келмаган. Қайтанга, бу роль менга насиб этганига хурсандман. Аммо Асадбек ролини ижро этишим ижодкорлик фаолиятимда ўзим излаган "ниманидир топганим"ни англатмайди. Қидиряпман, аммо тополмаяпман. "Шайтанат"дан сўнг учта фильмда роль ижро этибман.

— Ҳаёт йўлларида ким учундир йўл бўлишга нима дейсиз?

— Мен ўзимга йўл топиш учун онажонимга, устозларимга суяниб,  ўргансам топаман деб яшадим. Улардан  кўп нарса ўрганганман. Шу даражага етишишимда онам менга ёрдам берган. Олган мукофотларимни аввало волидамга таққанман. Онам 45 йил ўқитувчилик қилди. 27 ёшида бева қолиб, 2 фарзандни ўс-тириб шу даражага етказдилар. Озми-кўпми мухлисларим, дўстларим бор, шу йўл туфайли. Ўзим ўйламаган ҳолда бу ҳаракатларни қил-ганман. Онам айтардилар, болаларим, хал-қингга, оилангга, касбингга ҳеч қачон хиёнат қилманглар. Қани эди, ҳозир онам бўлса, афсус.

— Инсон учун садоқат билан хизмат қиладиган тушунчалар бор.

— Иймон. У инсонга садоқат билан хизмат қилади. Шунинг учун онам ҳам иймонинг бут бўлсин, дердилар. Иймонсизликдан қўрқиш керак. Иймони суст одамлар ҳар бир нарсага шуб-ҳа-гумон билан қарайди. Мустаҳкам  иймонимиз бор экан, разолат билан курашда адолат устун келади. Шуни ҳаммамиз яхши тушуниб олиши-миз лозим. Биласизми, одамларни билмадиму, мен ҳаёт йўлида кўп нарсани мулоҳаза қилишга ҳаракат қиламан. Инсонларни баъзи бирларини — такаббурларни, яхши хислати кам одамларни тушуниш мураккаб. Лекин ҳаракат қилиш керак. Балки бу камчиликлар бартараф бўлиши мум-кин. Мени тушунадиган дўстларим кўп. "Дўст изласанг, дўст топарсан, зинҳор душман излама. Душманинг ҳам ўзинг бирла бўлсанг икки юзлама". Бу ҳаёт ҳақиқати.

— Умр сарҳисоби ҳақида...

— Яна ўша хотиралар... Ҳар гал яқинларимни йўқотсам, ҳаёт мендан сарҳисоб сўрайди. Ўз-ўзимга савол беравераман. Тўғри яшадимми, кимдан жабр тортдим, кимга меҳр бердим... Савол кўп. Охирги йилларда нега сақлаб қололмадим деган савол қийнайди мени. Масалан онам, турмуш ўртоғим вафотида. Биласизми, ҳатто туғилган гўдак ҳам ҳисоб сўрайди ҳаётдан. Шунисига ҳам шукур, инсонга ҳаёт йўлини танлаш учун бу керак. Менинг ўйлаган ишларим, режаларим, ниятларим, қолаверса, дардларим бор. Инсонлар, мухлисларим мен билан боғлиқ фа-қат яхши хабарлар эшитиб, қувонишини хоҳлайман. Шунга ҳаракат қиламан. Болаликдаги энг катта орзуим онамни атлас кўрпача устида ўтириши. Бунга қисман эришдим десам бўлади. Бироқ менда онага берадиган кўрпача етган эмас. Шу  ҳис-туйғуларим мени жуда хафа қилади. Шунинг учун ҳаётдан қувониб, завқланиб яшаш керак. Саломат бўлинглар.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА суҳбатлашди

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар