Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » III-чоракда Республика бўйича болани боғчага жойлаштириш учун 328 мингга яқин ариза берилди

III-чоракда Республика бўйича болани боғчага жойлаштириш учун 328 мингга яқин ариза берилди

11 октябрь 2019 йил
67
0

2018 йилнинг 1 апрелидан буён болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштириш, шу жумладан навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиб келинаяпти.

Бу аввалгидай маҳалла, ишхонадан маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тўплаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги қабул комиссиялари эшигини қоқиб юришдек оворагарчиликни йўқ бўлишига хизмат қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-қарори билан Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ушбу регламентга кўра, 1 апрелдан болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари(МТМ)га расмийлаштириш, навбатга қўйиш фақат ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилмоқда.

Электрон хизматлар давлат органлари томонидан фуқаролар ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий этилганига кўп бўлгани йўқ. Шу сабабли ундан фойдаланиш бўйича ҳамманинг ҳам кўникмаси етарли эмас. Лекин вақт кутиб турмайди. Замон шиддат билан ривожланмоқда.  Уни ўрганиш, керак бўлса кўникиш ва ўзлаштириш шарт.

Чунки бундан буён давлат хизматлари босқичма-босқич электрон кўринишга ўтказилиб борилаверади. Интерактив хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлганларнинг, ўзига яхши, келгусида вақтини ва ортиқча харажатларни тежаш имконига эга бўлади. Қолаверса, коррупция ва бюрократик тўсиқларга дуч келмайди.

Болаларни боғчага жойлаштириш тизими қандай ишлайди?

Регламентга мувофиқ барча туман мактабгача таълим муассасалари ва болалар боғчалари ЯИДХПга уланади. Порталда болаларни МТМга қабул қилиш бўйича жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилган.

Ота-оналарда йўлланмаларни олиш учун анкета топширишда икки йўл бор:

  • биринчиси ― белгиланган шаклдаги анкетани тўлдирган ҳолда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш;
  • иккинчиси ― Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my2.gov.uz) уйдан ёки ишхонадан туриб, бир зумда юбориш.

Ҳар икки ҳолатда ҳам анкета топширувчига электрон рақамли имзо (ЭРИ) керак бўлади. Чунки аризачи анкетани ЭРИ билан тасдиқлайди.

ЭРИсиз бу хизматдан фойдаланиб бўлмайди!

Яъни, электрон рақамли имзоси бўлмаган ота-оналар болаларини давлат боғчаларига жойлаштира олмайди.  

Бу ҳолатда фуқароларга енгиллик туғдириш мақсадида Давлат хизматлари марказлари аризачилар томонидан жойида ЭРИни олиш учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлаши белгиланган.  

Агар электрон рақамли имзони мустақил равишда тўлов тизимлари орқали харид қилишни билмасангиз, давлат хизматлари марказида сизга кўмаклашишади.

Болаларни боғчага қабул қилиш бўйича давлат хизматлари ― бепул.

Агар Ягона интерактив давлат хизматлари портали(my2.gov.uz)дан фойдаланишни билсангиз, марказга боришингизга ҳожат қолмайди. 5-10 дақиқада ўзингиз йўлланмага буюртма бера оласиз.

Имтиёз ҳақида

Болаларнинг қуйидаги контингенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади:

  • ногиронларнинг болалари;
  • уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчиси бўлган болалар.

Аризачиларда устунлик ҳуқуқининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот анкетада кўрсатилади.

Барча МТМлар ҳар ойда бўш ўринлари тўғрисидаги маълумотни туман халқ таълими бўлимига юборади. Туман бўлимлари бўш ўринларнинг электрон ҳисобини юритиб, болаларни қабул қилиш бўйича электрон навбатни шакллантиради ва йўлланма беради, улар асосида боғчалар болаларни қабул қилади.

Бундан ташқари, туман бўлимлари ўз расмий сайтларида қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ўз тасарруфидаги барча боғчалар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб ва мунтазам янгилаб боришлари белгиланган:

  • муассасадаги ўринлар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги;
  • анкеталарнинг умумий рўйхати;
  • анкеталарнинг имтиёзли рўйхати

Анкеталар Давлат хизматлари марказларида ёки ЯИДХП орқали расмийлаштирилгандан кейин тегишли туман ХТБга дарҳол йўлланади. Шундан кейин 1 иш куни мобайнида аризачиларга йўлланма берилади ёки навбатга киритилиши расмийлаштирилади .

Статистика

ЯИДХП даги ушбу хизматдан фойдаланиш статистикаси маълумотларига кўра, хизматдан 2019 йилнинг учинчи чораги (июль-сентябрь ойлари)да ва 11 октябрга қадар болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш хизмати орқали жами 327 805 та ариза келиб тушган. Шундан 141 585 нафар бола мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган, 26 714 та ҳолатда ариза рад этилганлигини кўриш мумкин. Аксарият ҳолларда хизмат давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилган. Бунда энг юқори кўрсаткич август ойига тўғри келмоқда. Ушбу ойда 2194 та ариза ЯИДХП орқали, 147 минг 212 ҳолатда эса ДХМ лари орқали расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич сентябрь ойида ҳам сақланиб қолган бўлиб бунда 2502 тага 131 365 нисбат тўғри келмоқда.

Аксарият давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имкони бўлгани ҳолда, аҳолининг бу тарзда ДХМларига ташрифи ҳали қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатади. Жумладан, фуқароларда АКТдан кенг фойдаланиш кўникмасини шакллантириш зарурияти мавжуд. Чунки бундай имкониятлардан фойдаланиш ортиқча қоғозбозлик, идора биносига бориш, навбат кутишлар йўқолишига олиб келади. Энг муҳими, хизматларнинг электрон тизимга ўтказилиши икки омилга жиддий таъсир этади: ўртада инсон омили (коррупция) вазиятга аралашмайди ҳамда вақт ва нақд тежалади.

Ҳакимжон Фозилов –

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати раҳбари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар