Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда ўтказилган “Олтин куз – 2019” агротуристик фестивалидан лаҳзалар

Жиззахда ўтказилган “Олтин куз – 2019” агротуристик фестивалидан лаҳзалар

07 ноябрь 2019 йил
395
0
Куни кеча Жиззах вилоятининг туристик имкониятларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Олтин куз – 2019” агрофестивалини очилиш маросими ўтказилганлиги ҳақида хабар бергандик. 

Фестивалнинг биринчи куни иштирокчилар Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, ҳудуднинг туристик салоҳияти намойишига бағишланган маданий-маърифий тадбирда қатнашди.
Улар юртимизнинг атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 102 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиб, унинг уй музейи билан танишди. Ҳамид Олимжон Зулфия музейларига ташриф буюрди.
Фестивал тадбирлари доирасида шаҳарнинг марказий кўчаси бўйлаб ташкил қилинган қадим савдогарлар ва сайёҳлар кўринишидаги “Буюк ипак йўли карвони Жиззах бўйлаб” юриши бўлди. Туя карвонлари билан юзлаб ёшлар иштирок этган тарихий манзарани акс эттиришда фестивал меҳмонлари ҳам қатнашди.
Фестивалнинг навбатдаги тадбирлари жорий йилда реконструкция қилинган Ўрда экологик боғида давом этди. Боғда барча туманлардаги миришкор деҳқонлар хамда боғбон фермерлар томонидан ўзлари етиштирган маҳсулотларнинг ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркадаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, уларни етиштириш усулларини фестивал иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилди.
Боғда ўрнатилган панно ва бошқа кўргазмали воситалар орқали Жиззахнинг тарихи, бугуни, табиати, иқлими, маданияти ҳақида барча маълумотлар намойиш этилди.
24.JPG
Инсониятнинг қадим масканларидан бири бўлган Жиззах ҳудудида турли даврларга дахлдор 300 дан ортиқ тарихий меъморчилик ва санъат ёдгорликлари сақланиб келинмоқда. Туркистон ва Нурота тоғлари, Айдар-Арнасой кўллари оралиғида жойлашган ҳудуднинг табиати, иқлими, рэльефи, ҳайвонот ва наботот олами ғоят хилма-хил. Вилоятда 3 та алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудуд – Зомин ва Нурота давлат қўриқхоналари, Зомин миллий боғи жойлашган. Бу ўзига хос хилма-хиллик сайёҳлар эътиборини тортиб, туризмни ривожлантиришнинг кенг истиқболларини очиб бераётир.
Вилоятда сайёҳликнинг ноанънавий турлари – экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризмини ривожлантириш имкониятлари катта. Шу боис вилоятга келувчи меҳмонлар оқими янада ортишини ҳисобга олиб, жойларда туристлар учун шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятда 33 та меҳмонхона, 1 мотел, 45 та оилавий меҳмонхона уйлари ва 2 та кемпинг хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат қилаётир.
Вилоятда экотуризм, соғломлаштириш туризми, гастрономик туризм билан бирга агротуризмни ривожлантириш имкониятлари ҳам катта. Жумладан, Фориш, Мирзачўл, Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Арнасой ва Шароф Рашидов туманларидаги етиштирилаётган туя сути, олма, полиз маҳсулотлари даволаш хусусиятларига эгалиги билан муҳим аҳамиятга эга.
26.JPG
Кейинги йилларда ушбу туристик имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада икки йил ичида вилоятга келаётган сайёҳлар сони деярли икки бараварга кўпайиб, 800 мингдан ошди.
Боғда шу яқинда ишга туширилган амфитеатрда вилоят бадиий жамоалари, фольклор-этнографик ансамблларининг концерт дастурларидаги ўзига хос халқ оғзаки ижоди намуналари ижроси, удум ва анъаналардан саҳналаштирилган кўринишлар фестивал иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
– Ҳудудимизда туризмнинг ноанъанавий йўналишларини ривожлантириш имкониятлари катта, – дейди Туризмни ривожлантириш вилоят бошқармаси бошлиғи Лола Санаева. – Шунинг учун вилоятда туризмни ривожлантириш дастурида экотуризм, агротуризм ва этник туризм каби йўналишлардаги янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратаётирмиз. Мақсадимиз туризмни ривожлантиришга хорижлик инвесторларни ҳам жалб этиш. Ушбу фестивал ҳам бу мақсадни амалга оширишимизда муҳим қадамларимиздан бири бўлади.
Фестивал дастурига кўра агротуризм тадбирлари Бахмал ва Зомин туманида давом этади.
4.JPG
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар