Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззах вилоят ҳокими Э. Салиевнинг 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан йўллаган табриги

Жиззах вилоят ҳокими Э. Салиевнинг 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан йўллаган табриги

27 июнь 2018 йил
1 936
0

Ассалому алайкум муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари,қадрли журналистлар!

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга, сизлар орқали ўзининг билими, тафаккури, фидокорона, ҳалол ва заҳматли меҳнати билан жамиятимизнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча ижодкорларга юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, самимий тилакларимни изҳор этаман.

Сиз азиз ижодкорлар тимсолида мустақил Ватанимизнинг тараққиётига, равнақи ва фаровонлигига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётган барча қалам аҳлини бугунги шодиёна кун билан самимий қутлайман.

Қадрли дўстлар!

Мен тақдири, ризқ насибаси матбуот, оммавий ахборот воситалари билан боғлиқаҳли қалам, аҳли ижод борки –27 июнь тонгини ажиб бир ёруғ кайфият биланқарши олишингизни яхши биламан. Чунки бу кун мустақил Ўзбекистонимиз ҳаётида Сиз азизлар учун унутилмас кун, Сизнинг байрамингиз!

Ана шундай шукуҳли кунларда сизнинг юртимизда, хусусан, вилоятимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнларини халққа етказишда ўз ўрнингиз ва мустаҳкам позициянгиз борлигини фахр билан таъкидлашни истардим. Бундай улуғ ва шарафли ишни яхши англаб, вазифангизни сидқидилдан бажараётганингиздан эса миннатдорман.

Азизлар!

Барчангиз яхши хабардорсиз, мустақиллик барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари, матбуот ва ноширлик фаолиятига ҳам мутлақо янгича қарашларни, эркинлик муҳитини, замонавий тараққиётни туҳфа этди.

Эътибор қилинг, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйичаҲаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Унга мувофиқ, барча соҳа ва тармоқлар қатори матбуот ва оммавий ахборот воситалари равнақини янги босқичга кўтариш олдимиздаги асосий мақсад бўлиб турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Бу жиҳат ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун, бир вақтнинг ўзида журналистларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби бутун бир йирик жараёнга Муҳтарам Юртбошимизнинг қаратаётган салмоқли эътиборини, айнан ижодкорларга ғамхўрлигини ифода этади.

Шунинг натижаси ўлароқ, бугун жойларда "Дўстлик клублари”нинг иш бошлаши, "Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши, вилоятларда фаолият кўрсатаётган журналистлар ижодий уюшмасининг янги хизмат хоналари, ойлик-маош билан таъминланиши, журналистлар учун имтиёзли уй-жойлар қурилаётганлиги соҳани ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигидан далолатдир.

Азиз ижодкорлар!

Бугунги кунда вилоят оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган юзлаб журналистларимиз зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар, деб айта оламан. Вилоят телерадиокомпанияси мухбири УмрзоқҲамдамовнинг бу йилги "Олтин қалам” миллий мукофоти ианловида совриндорлар сафидан жой олиши ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Ёки, бошқача қилиб айтганда, устоз ижодкорлар Мели Норматов, Салоҳиддин Сафаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Акрам Иномов, Ленуре Адильшаеваларнинг ижод мактаби ўз натижасини кўрсатаётгани барчамизни бирдек қувонтириши табиий.

"Шуҳрат” медали соҳиблари "Жиззах ҳақиқати”- "Джизакская правда” газеталари таҳририятлари бўлим бошлиғи Турсунбой Камолов, "Фориш тонги” газетаси бош муҳаррири Рашид Каримов, Жиззах шаҳар телеканали раҳбари Бахтиёр Эшонқуловҳамда вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири Сайёра Бўронова, "Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари Товбой Хўжамбердиев, Баҳром Мирзо, Меҳри Абдураҳмонова, "Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби Бекпўлат Тоғаев каби тажрибали қалам аҳлининг борлиги ҳам Жиззах журналистикасининг салоҳиятини намоён этади. Умуман, турли нуфузли республика танловларида журналистларимизнинг фаол иштироки уларнинг тинимсиз ижодий изланишда эканлигини кўрсатади.

Ҳурматли дўстлар!

Бугун биз нафақат жиззах журналистикаси, балки миллий журналистикамизнинг истиқболлари ҳақида ҳам фикрлашишимиз керак. Бу борада муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 24 май куни имзолаган "Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам айни муддао бўлди. Чунки, бу жараён – оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатдан ўсиши, жамият учун ижтимоий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган медиа-лойиҳалар ва дастурларни қўллаб-қувватлаш, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш, инновацион таклифларнинг янги услубларини жорий этиш, матбуот ходимларининг илғор ғояларини, ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Азиз қалам аҳли, матбуот фидойилари, телерадио жонкуярлари!

Давр оммавий ахборот воситалари, жумладан ҳудудий матбуот ва телерадиоканаллар, интернет нашрлари ходимлари олдига қўяётган вазифалар кўлами жуда кенг, уларни муваффақиятли ҳал этиш эса барчамиздан ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишга ундайди. Журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари бу ҳаракатнинг яратувчилари ва фидойилари ҳисобланади. Улар ўзларининг ижод маҳсули билан миллат, Ватан манфаати, келажагини ўйлаб, жамият ҳаётида янги муносабатларни шакллантиришда ташаббускорлик кўрсатиб, доимо олдинги сафларда бўладилар, деб умид билдираман.

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар