Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Ғаллаоролдаги йигирув фабрикасининг ип-калава ишлаб чиқариш йиллик қуввати 7 минг 500 тоннага етказилди

Ғаллаоролдаги йигирув фабрикасининг ип-калава ишлаб чиқариш йиллик қуввати 7 минг 500 тоннага етказилди

21 январь 2020 йил
342
0
“Сангзор текстиль” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Айни пайтда бу ерда 450 ишчи меҳнат қилаётир.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида йигирма йилдан зиёд эгасиз, қаровсиз ётган собиқ савдо базасининг омборхона ва маъмурий иншоотлари ҳудуди бугун энг гавжум жойга айланди. 
Гап шундаки, бозор иқтисодиёти шароитида эски замонлардаги каби истеъмол буюмларини омборга тўплаб тақсимлаш тартиби ўзини оқламади. Улгуржи савдо базаларига ҳам ҳожат қолмади. Базанинг собиқ иншоотлари кўпчилик тадбиркорларни қизиқтирсада, уни олишга бировнинг маблағи, бировнинг журъати етмас эди.
Ҳукуматимизнинг хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ, бундай биноларни тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш тартиби жорий этилди. Натижада ушбу иншоотга ҳам талабгор топилди.
Давлат тасарруфидаги бўш ётган иншоот “Сангзор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига “ноль” қийматда 12 миллиард 500 миллион сўм инвестиция киритиш, пахтани қайта ишлаб тайёр маҳсулот чиқариш лойиҳасини амалга ошириш шарти билан берилди.
Собиқ иншоотларнинг бир қисми реконструкция қилинди. Айримлари пойдеворигача бузилиб, ўрнида янгиси қурилди. Лойиҳада пахта толасини қайта ишлашдан тайёр кийим ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ тизим қамраб олинган. 
Бинони реконструкция қилиш, қуриш ишларини жамият ўз маблағи ҳисобига амалга оширди. Корхонани жиҳозлашга “Ипотека-банк” АТИБ банкидан 22 миллион АКШ доллари миқдорида кредит олинди. Ушбу кредит ҳисобидан Швейцария, Япония, Туркиядан жиҳоз ва ускуналар олиб келиб ўрнатилди. 
– Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичини тўлиқ амалга оширдик, – деди корхона раҳбари Дониёр Авазов. – Ҳозир йигирув фабрикамизнинг ип-калава ишлаб чиқариш йиллик қуввати 7 минг 500 тоннага етказилди. Ҳозиргача Туркия, Хитой, Россия ва Покистон давлатлари билан тузилган шартномалар асосида 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 2020 йил 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Лойиҳанинг биринчи навбати амалга оширилиши билан 450 янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, бу иш ўринларининг асосий қисмига ҳудуддаги хотин-қизлар қабул қилинди. Ишчилар учун барча шароит яратилган. Дам олиш, ювиниш хоналари, ошхона улар ихтиёрида. Узоқдан қатнайдиганларга автобус ажратилган.
– Ушбу корхонанинг очилиши мен каби кўплаб хотин-қизлар оиласига даромад, барака олиб кирди, – дейди ишчи Дилрабо Умматова. – Иш йўқлиги учун анча йиллардан буён уйда ўтирган эдим. Замонавий технология билан жиҳозланган тоза, ёруғ ишхонада ишлаганга нима етсин. Ҳадемай болаларимиз учун боғча ҳам ишга тушади.
Оналарнинг кўнгли хотиржам бўлса, иши ҳам унумли бўлади. Эски маъмурий бинода реконструкция ишлари олиб борилаётир. Бу ерда корхона ишчи-хизматчиларининг болалари учун мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади.
Булар ҳозирча лойиҳадаги ишларнинг бажарилган қисми. Лойиҳада белгиланган тайёр маҳсулот чиқариш тизимини охирига етказиш учун қурилиш ишлари давом этаётир. Корхонада мато тўқиб, тайёр кийим ишлаб чиқариш цехларини қуриш ишлари авжида. Шу мақсадда масъулияти чекланган жамият томонидан ҳозиргача шартномада белгиланганидан бир неча баравар зиёд – 148 миллион сўм инвестиция киритилди.
Маҳсулот учун хом ашё етиштириш мақсадида корхона қошида пахтачилик кластери ҳам ташкил этилган. Дўстлик тумани фермерлари билан шартнома асосида пахта етиштирилди. Дастлабки натижа ёмон бўлмади. 12 минг гектар майдондан мўлжалдаги ҳосил йиғиб олинди. Корхона фермерларни агротехник тадбирларни амалга ошириши учун зарур маблағ ва материаллар билан узлуксиз таъминлагани, йиғим- терим мавсумида теримчиларга яхши шароит яратиб бергани муҳим омил бўлди.
Т.БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар