Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Дўстлик туманида иссиқхонадаги газ билан таъминлашдаги муаммо ҳал қилиниб, ҳосилни нобуд бўлишдан асраб қолинди

Дўстлик туманида иссиқхонадаги газ билан таъминлашдаги муаммо ҳал қилиниб, ҳосилни нобуд бўлишдан асраб қолинди

05 февраль 2020 йил
220
0

Дўстлик туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси "Sangzor vodiysi matlubotsavdo" масъулияти чекланган жамияти иссиқхонасини газ билан таъминлашдаги муаммони ҳал қилиб, ҳосилни нобуд бўлишдан асраб қолишда амалий ёрдам берди.

"Sangzor vodiysi matlubotsavdo" масъулияти чекланган жамиятининг икки гектар майдонда гидропоника усулида барпо этилган иссиқхонасидаги помидордан дастлабки ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Жамият аъзолари ҳосилнинг 150 тоннасини ички бозорга, 150 тоннасини экспортга чиқараётир.

Жамият раҳбари Исмоил Ишимов 2018 йилда Жиззахда ўтказилган Халқаро инвестиция форумида иштирок этиб, Жанубий Кореянинг "Myung Sung Placon Ltd" компанияси билан гидропоника усулида иссиқхона барпо этиш бўйича умумий қиймати 1 миллион 100 минг АҚШ долларилик лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини тузган эди.

Жанубий Корея Республикаси технологияси асосида амалга оширилган лойиҳа қийматининг 865 минг АҚШ долларини Жаҳон Тараққиёт банкининг кредити ташкил этди. Замонавий иссиқхонада 25 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

Иссиқхонага Исроилдан келтирилган "Пик Роза" ва "Ламия" навли серҳосил помидор кўчатлари экилди. Бу навлар ҳар тупидан 4 килограммгача ҳосил бериши билан бошқа маҳаллий навлардан фарқ қилади. Бундан ташқари, миришкорлар помидор қатор ораларига эккан булғор қалампирининг ҳар бир тупидан 1 килограммгача ҳосил олишни мўлжаллашган. Етилган ҳосил пешмапеш истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Бугунгача 21 тонна маҳсулот Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрига экспорт қилинди. 16 тонна маҳсулот эса ички бозорга етказиб берилди.

Бироқ помидор етилган пайтда иссиқхона соҳибкорлари кутилмаган муаммога дуч келди. Лойиҳа бўйича иссиқхона барча техник талаблар асосида табиий газ тармоғига уланган. "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти ҳудудий газ таъминот филиали билан 600 минг куб метр газ етказиб бериш юзасидан шартнома ҳам тузилган. Бироқ газ таъминоти корхонаси декабрь ойида 8,3 минг куб газ бериб, кейин Энергетика вазирлигининг буйруғини рўкач қилиб, иссиқхонани тармоқдан узиб қўйди.

Табиий газнинг тўхталиши ҳосил энди етишган пайтда иссиқхона учун оғир вазиятни юзага келтирди. Ҳарорат етарли бўлмаганлиги туфайли помидорлар ёрилиб, яроқсиз ҳолга кела бошлади. Ҳисобкитобларга кўра, ҳосил нобуд бўлиши туфайли масъулияти чекланган жамият 600 миллион сўм зарар кўриши маълум бўлди.

—Муаммонинг ечимини излаб Бош вазир қабулхонасининг туман бўлимига мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади, — дейди жамият раҳбари Исмоил Ишимов. — Қабулхона республика Энергетика вазирига хат билан чиқиб, газни қайта улашга рухсат олиб берди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Бош вазир қабулхонаси ҳақиқатан ҳам биз тадбиркорларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган тузилма эканлигига ўз фаолиятимиз давомида яна бир бор амин бўлдик.

"Sangzor vodiysi matlubotsavdo" масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхонасини газ билан таъминлашдаги муаммосини ҳал қилиб бергани Дўстлик туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси фаолиятидан бу ягона мисол эмас. Қабулхона ҳудуддаги тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда самарали фаолият юритиб келаётир.

Ўтган йили туман қабулхонаси томонидан тадбиркорларнинг 207 та мурожаати кўриб чиқилган. Уларнинг 161 таси бевосита қабулхонада, 42 таси сайёр қабуллар давомида, 4 таси республика ишонч телефони орқали қабул қилинган.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар