Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахнинг чўлида ҳам далалар обод

Жиззахнинг чўлида ҳам далалар обод

07 июль 2018 йил
714
0

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани нақадар тўғрилигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.

Тадбиркорлар халқимиз ризқ-насибасини етиштириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучга айланди.

Абдували Темиров кўпгина ишларга қодир, тадбиркорликнинг ҳадисини олган чапдаст йигитлардан. У 2011 йил Қизилқум чўлидан 250 гектар ер олиб, «Абдували Соҳибкор» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди.

Яқин йилларгача қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Қизилқум чўлида Абдували сингари тадбиркорлар жаннатмакон боғ-роғлар яратади, дейилса кўпчилик ишонмасди. Лекин, яратса бўлар экан. Бунинг учун эса тадбиркорлик билан иш тутиш, тунни-тонгга улаб самарали меҳнат қилиш керак, албатта.

Тадбиркор Абдували Темиров олтинга тенг ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш мақсадида артезиан қудуқ қаздириб, 15 гектар ерга турли мевали дарахт кўчатлари экди. Қатор ораларига озиқ-овқат экинлари экди. Маҳсулотни бозорга олиб чиқиб, даромадини ошириб боришга эришди.

Жорий йилда «Абдували Соҳибкор» масъулияти чекланган жамияти деҳқонлари 85 гектар ерга полиз, 15 гектар ерга сабзавот, 100 гектарга нўхат экиб, деҳқончилик қилишмоқда. Бундан ташқари корхона ҳисобида 300 бош қўй мавжуд. 15 гектар ердаги боғ тўлиқ ҳосилга кирган. Деҳқонлар жорий йилда 400 тонна полиз маҳсулотлари, 100 тонна нўхат, 225 тонна сабзавот етишириб, ички бозорга чиқаришмоқчи. Айни кунда етиштирилган ҳосил пешма-пеш бозорларга чиқарилиб, халқимиз дастурхонига етказиб берилмоқда.

– Корхонамизда доимий ишловчи 8 та ишчи ўрни яратилган. – Бундан ташқари ҳосилни йиғиштириб олиш, экинларга ишлов бериш кезлари 15-20 нафар мавсумий ишчиларни ҳам жалб қиламиз, – дейди Абдували Темиров. – Юртимиз заминида етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари чет элда ҳам машҳур ва харидоргир. Шу мақсадда етиштирилган маҳсулотларимизни ташқи бозорга экспорт қилиш чораларини ҳам кўряпмиз. Айни кунда бу борада Афғонистонлик тадбиркорлар билан мулоқот олиб боряпмиз.

Ҳа, бугун «Абдували Соҳибкор» масъулияти чекланган жамиятида яратувчилик ва бунёдкорлик кайфияти ҳукм сурмоқда. Даласини «гулзорга» айлантираётган деҳқонлар истиқболда ўз фаолиятларини янада кенгайтириш мақсадида изланишдан тўхташмаяпти. Муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, доимий эътибор замирида, аввало, халқ манфаати, фаровон ҳаётимиз турганлигини англаймиз. Зеро, деҳқон бой бўлса, эл бой бўлади, халқнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораверади.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар