Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Ватанни севиш ҳиссидан маҳрум бўлган манқуртлар

Ватанни севиш ҳиссидан маҳрум бўлган манқуртлар

26 март 2020 йил
127
0

Зулмат...Ичкаридан қараганда фақатгина милт этган ёруғлик бор.

Бир маҳал дераза токчаси устида жажжи капалак кўринди. Унга ҳавас билан тикилган одам деди: “Капалак, гарчи сен бир кун яшасангда бахтлисан, эркин ҳаракат қилаяпсан, ҳар томонга уча оласан.

Афсус, мен ўз айбим, нодонлигим билан бир неча йиллар олдин мана шу эркдан маҳрум бўлиб, юзим қора бўлди, яқинларимга катта ташвиш келтирдим...”

Халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бор. Дарҳақиқат, ўз йўлидан адашган маънавий қашшоқлик, ёт ғояларга алданиш оқибатида элига хиёнат қилган инсонларни алал оқибат шундай қиёмат кутиши муқаррар.

Аммо бу каби қалби уйқуда бўлган кимсалар жиноят содир этаётганда, диний экстремистик гуруҳлар таркибига қўшилганда, алдовларга учганда, қанчалаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, кўплаб оилаларга мусибат келтирганини билса эди...

Юрагига қабиҳлик йиғилган бундай разил кимсалар шу Ватанда ўз оиласи, фарзандлари яшаётгани, бир муддат бўлсада Ватанни севиш ҳиссини туйганида эди... Афсуски, айни пайтда жаҳондаги кўплаб халқларга хавф солган террорчилик қурбонларининг сафи кўпайиб бормоқда. Бу гуруҳ тарғиботчилар ҳеч қандай уруш бўлмаётган, тинчлик ҳукмронлик қилаётган, жамиятда демократик институтлар фаолият кўрсатаётган бир шароитда муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга уринишади. Бу йўлда ҳали дунёвий тасаввури шаклланмаган, ишонувчан, балоғат ёшига етмаганларни ўз ортларидан эргаштирадилар.

Айни вақтда ушбу тинчлик кушандаси кўплаб халқлар учун талафот келтирмоқда, миллионлаб оилаларда мотам йиғиси янграмоқда, ота-оналар, ёшлар ва беайб болаларнинг қони тўкилмоқда. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб содир этилаётган террорчилик ҳодисаларининг 80 фоизи Ислом дини байроғи остида ноқонуний амалга оширилмоқда.

Террорчи гуруҳларга кўрсатилаётган молиявий ёрдам кўламини биргина МДҲ таркибидаги мамлакатлар ҳудудида фаолият юритувчи террорчи ташкилотларга 60 га яқин диний ташкилотлар, 100 га яқин хорижий компания ва ўнлаб банклар ҳомийлик қилаётганидан кўриш мумкин. Террорчи ташкилотлар даромад орттириш мақсадида босқинчилик, товон ундириш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, қимматбаҳо металл ва тошлар контрабандаси, сохта пул ва қимматли қоғозлар ишлаб чиқариш, фоҳишабозлик уйлари ва қиморхоналар очиш каби жиноий усуллардан кенг кўламда фойдаланишаяпти.

Сир эмаски, бугунги дунё тараққиёти ички ва ташқи омиллар остида юзага келмоқда. Ички ва ташқи омиллар асосан ахборот воситаси орқали таъсир кўрсатмоқда. Оммавий ахборот воситалари — радио, телевидение, газета, журнал ва интернет орқали ахборот айирбошлаш ҳам баъзан шунга хизмат қилмоқда. Бу ўринда интернетнинг роли ҳам ҳар қачонгидан ортади. Ачинарли жиҳати шундаки, кўплаб террористик ташкилотлар оммавий ахборот воситаларидан қурол сифатида фойдаланиб, ўзларига хайрихоҳлар сафини кенгайтириб, инсонларни, айниқса, ёшларни бузғунчи ғояларга чорламоқда.

Мамлакат ва жамият хавфсизлиги азалдан давлатнинг асосий масалаларидан бўлиб келган. Айниқса, юртимиз мустақилликка эришгач, хавфсизликни таъминлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этди. Чунки дунё майдонида терроризм ва диний ақидапарастлик оқими, буюк давлатчилик шовинизми тарафдорлари дунёга ҳукмронлик қилишга интилиш баробарида кўплаб давлатлар қатори мамлакатимизнинг ривожланишига турли йўллар билан таҳдид қилаяптилар. Жаҳон миқёсида инсон онги ва қалби учун кураш шиддат билан давом этмоқда. Унда синаш учун қўйилган ғоя агар қалбдан жой олса, инсонни маълум мақсад йўлида ҳаракатга келтиради.

Иродаси бақувват, маънан юксак, ўз мустақил фикрига эга инсон ҳеч қаерда оғишмай, қоқилмай тўғри ҳаракат қилади, алдовларга учмайди. Маънавий жасорат орқали ҳар қандай шаклдаги ёт ғояларни енгади, унга қарши курашади.

Мустақил тадқиқотчи 

Э.Исматов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар