Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Жиззахда ёшларнинг ёзувчилар билан учрашуви ўтказилди

Жиззахда ёшларнинг ёзувчилар билан учрашуви ўтказилди

26 апрель 2018 йил
1 034
0

Яқин кунларда “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталари ташкил этилганига  44 йил тўлади. Шу муносабат билан Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернатда таҳририят ижодкорлари, таниқли шоирларнинг ўқувчилар билан учрашуви ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, ёзувчи Абдулла Аҳмад, шоира Венера Ибрагимова, “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталари бўлим муҳаррири Илҳом Носировлар иштирок этди. Ижодкорлар “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталари тарихи, айни пайтдаги фаолияти хусусида йиғилганларга гапириб беришди. Шунингдек, ёзувчи Чингиз Айтматов, Абай Қўнонбоев ва Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф  ҳаёти ва ижоди хусусида мароқли чиқиш қилдилар.

Мустақиллик шарофати билан республикамизда адабиётни ривожлантириш, улуғ ижодкорларнинг адабий меросини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаяпти. Учрашув жараёнида ҳар икки улуғ ижодкорлар номи берилган даргоҳда яратилган имкониятлар, шароитлар  ҳақида батафсил фикр юритилди. Айни пайтда мактаб-интернатда 120 нафарга яқин ўқувчилар таълим-тарбия олади. Ўзбек тили ва адабиёти фани чуқур ўргатиладиган мазкур таълим муассасасида бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, билимларни қунт билан эгаллашга киришган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади.

–Ўқувчилар билан учрашувимиздан мақсад–,деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, ёзувчи Абдулла Аҳмад.– Ёш авлод қалбида адабиётга, маънавиятга меҳр уйғотиш, ўзбек ва қардош халқлар адабиётининг юксак намоёндалари ижоди билан ўқувчиларни яқиндан таништириш, ёш ижодкорлар ва жамоатчи мухбирларни таҳририятга жалб этишдан иборат. Шунингдек, ёш ижодкорларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, китобга меҳр қўйиш, бадиий ижодда уларнинг маҳоратини ўстириш борасидаги тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик.  

Навбат мушоирага етди. Мароқли ва самимий ўтказилган мулоқотда ёш ижодкорлар Ҳ.Олимжон, Зулфия, Муҳаммад Юсуф шеърларидан, ўзлари ёзган ижодий машқларидан ўқиб беришди. Шундан сўнг ёш қаламкашларнинг шеърлари таҳририят аъзолари томонидан таҳрир қилиниб, уларга керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

–Ўғил-қизларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга еиши учун, аввало, уларга болалигиданоқ тўғри йўл кўрсатиб, Ватанга, оилага нисбатан меҳр-муҳаббатини кучайтиришимиз лозим, –деди мактаб-интернатнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маъмура Юсупова.– Мактабимизда таълим-тарбия олаётган ҳар бир ўқувчи қалбига ана шундай туйғуларни маънавий-маърифий тадбирлар, тарбиявий соатлар орқали сингдиришга интиламиз. Бугунги тадбир ҳам уларнинг адабиётга, шеъриятга, улуғ ижодкорларимизга бўлган ҳурмат ва фидойилик ҳиссини туйишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугунги ёшлар нафақат муайян касб эгаси, балки қизиқувчан, дунёқараши кенг бўлиши керак. Чунки, мамлакатнинг келажагини уларга ишониб топширамиз. Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни маънан қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилган.

Қизғин ва самимий кечган мулоқот чоғида ана шундай иқтидорли ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Тадбир якунида меҳмонларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. 

 Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар